Андижон вилоятидаги 764 та умумтаълим, 1 та Президент, 1 та ижод, 21 нодавлат мактаблари, шунингдек, 13 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш жараёнига илғор иш услублари, педагогик технологияларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 36 та таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 2 та мактаб янгитдан барпо этилди. Умуман, бу йил 800 та мактабда таҳсил оладиган 619 минг нафар ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур барча шароитлар яратилди.
Янги ўқув йилидан вилоят бўйича жами 68 минг 740 нафар болажон 1-синфга қабул қилинди. Уларга сумка ва турли ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.
[gallery-13436]
Андижон шаҳридаги 1- сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида сўз олганлар юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида гапириб, ўқувчи ва педагогларни янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этди.
– Янги ўқув йилидан аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабимизнинг 5- ва 7- синфларига 72 нафар ўқувчи қабул қилинди, – дейди Андижон шаҳридаги 1- сон ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори ўринбосари Диёрбек Рашидов. – Ўтган йилдан фаолият бошлаган мактабимизда ўқувчиларга сифатли таълим бериш учун зарур барча шароитлар яратилган.
Ўқувчилар, айниқса, мактаб остонасига илк қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларида унутилмас таассуротлар қолдирган биринчи қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча мактабларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА