English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 67 минг нафардан зиёд болажон 1-синфга қабул қилинди
14:19 / 2025-09-02

Бугун 2025-2026 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан бутун юртимизда бўлгани каби Андижон вилоятидаги 763 та умумтаълим, 1 та Президент мактаби, 17 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда 42 та нодавлат мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш жараёнига илғор иш услублари, педагогик технологиялар, хорижий тажрибаларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.  

Жорий ўқув йили олдидан вилоятда 20 та мактабда қурилиш,  капитал-таъмирлаш, реконструкция, кўплаб мактабларда таъмирлаш  ишлари амалга оширилди. Хусусан, инвестиция дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида янги 10,3 минг ўқувчи ўрни яратилди, 20 та мактабнинг  қуввати оширилиб, шарт-шароитлари яхшиланди. Умуман, бу йил мактабларда таҳсил оладиган 628 минг нафардан зиёд ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур барча шарт- шароитлар яратилди.  

Жорий ўқув йилида вилоят бўйича жами 67 минг 191 нафар болажон       1-синфга қабул қилинди. Уларга 12 хил турдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совға”лари топширилди.

Андижон шаҳридаги 19- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида сўз олган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Шукуров ўқувчи ва педагогларни янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этиб,  юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида гапирди.  

Мазкур мактабда 16,5 миллиард сўмлик қурилиш, капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди, жумладан, 600 ўринли янги ўқув биноси қурилди. Мактаб жамоаси янги ўқув йилини бутунлай янгича қиёфа касб этган мактабда бошлади.  

–  Янги ўқув йилидан мактабимизга 129 нафр болажон 1-синфга ўқишга қабул қилинди, – дейди Андижон шаҳридаги 19- умумтаълим мактаби директори Маликахон Пирматова. – Умуман, жорий йилда мактабимизда 1 минг 285 нафар ўқувчи таҳсил олади. Капитал таъмирланган, янги бино қурилган мактабимизда ўқувчиларга сифатли таълим бериш учун зарур барча шароит яратилган.  

Яратиб берилган имкониятлар, қулайликлар учун таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётган давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат. Биз мактаб педагогик жамоаси ана шу имкониятларга муносиб бўлиш, ўқувчиларга пухта ва сифатли таълим бериш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.  

[gallery-25117]

Ўқувчилар, айниқса, мактаб остонасига илк қадам босган биринчи синф ўқувчиларида унутилмас таассуротлар қолдирган биринчи қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча мактабларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари