Бугун 2024-2025 ўқув йили бошланиши муносабати билан бутун юртимизда бўлгани каби Андижон вилоятидаги 765 та умумтаълим, 1 та Президент, 1 та ижод, 21 нодавлат мактаби, шунингдек, 13 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатда “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш, умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш жараёнига илғор иш услублари, педагогик технологиялар, хорижий тажрибаларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада мазкур йўналишдаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда.
Кейинги йилларда вилоятда 20 мактаб янгитдан барпо этилди, 209 та мактабда реконструкция ишлари амалга оширилди, Умуман, бу йил мактабларда таҳсил оладиган 610 минг нафардан зиёд ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур барча шарт- шароит яратилди.
[gallery-19089]
Янги ўқув йилидан вилоят бўйича жами 63 минг нафардан ортиқ болажон 1-синфга қабул қилинди. Уларга 12 хил турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди.
Андижон шаҳридаги 31- умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида сўз олганлар юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида гапириб, ўқувчи ва педагогларни янги ўқув йили бошланиши билан муборакбод этди.
–Янги ўқув йилидан мактабимизга 330 нафар болажон 1-синфга ўқишга қабул қилинди, – дейди мактаб директори Файзуло Дадажонов. –Жорий йилда мактабимизда 3 минг 500 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга сифатли таълим бериш учун зарур барча шароит яратилган. Деярли барча синфларимизда ўқитиш жараёнлари Финландия, Германия, Корея сингари қатор хорижий давлатларнинг дастурларидан кенг фойдаланилган ҳолда олиб борилади.
Ўқувчилар, айниқса, мактаб остонасига илк қадам босган биринчи синф ўқувчиларида унутилмас таассуротлар қолдирган биринчи қўнғироқ тадбирлари вилоятдаги барча мактабларда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари