Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, айниқса, кўчмас мулк объектлари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 11 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган 48 минг 992 та кўчмас мулк объектининг кадастр паспортлари шакллантирилиб, 43 минг 353 та кўчмас мулк объектининг мулкий ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 2022 йил 1 январ ҳолатига 687 минг 711 та объектлар тўғрисидаги маълумотлар идоралараро интеграциялашган “Кўчмас мулк-3” дастурига киритилган эди. Жорий йилнинг 1 декабрига келиб, аввал маълумотлар базасига киритилмаган 17 минг 474 та объект аниқланиб, жами 705 минг 185 та кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотлар идоралараро интеграциялашган “Кўчмас мулк-3” дастурига киритилди.
Бундан ташқари, 246,35 гектар ер майдонларида, умумий қиймати 855 миллион 546 минг сўмлик топографик-геодезик ишлар амалга оширилди.
Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун жами 4 минг 974 бўш ер участкалари “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди. Шундан 2 минг 568 та бўш ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилиб 430 та бўш ер участкаси аукцион савдолари орқали сотилди.
Шунингдек, 287 минг 576 гектарни ташкил этган 77 минг 761 та қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдони тўғрисидаги маълумотлар “Uzkad” электрон платформаси орқали ҳисобга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қишлоқ хўжалигида фойдаланишга мўлжалланган ер майдонининг 99,3 фоизига бўлган мулкий ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказиб берилди.
Сайдулло Саидов,
Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари.
ЎзА