Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 42 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига даромад топмоқда
17:40 / 2020-10-09

Мамлакатимизда жорий йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганлиги кўплаб юртдошларимизга қатор қулайлик ва кенг имкониятлар яратди.


Мамлакатимизда жорий йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганлиги кўплаб юртдошларимизга қатор қулайлик ва кенг имкониятлар яратди.

Ана шу имкониятдан фойдаланиб, ўзини ўзи банд қилаётган, мустақил иш фаолияти олиб бораётган фуқаролар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Жумладан, шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига Андижон вилояти давлат солиқ идораларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтганлар сони 42 минг нафардан ошди.

– Иш билан таъминлашнинг ушбу шаклида фуқаролар даромад солиғидан озод этилади, иш стажига ва пенсия ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлади, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Эгамназаров. – Фуқароларимизнинг масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтиши йўлга қўйилганлиги улар учун яна бир қулайликдир.

Амалдаги қонунчиликка кўра, рухсат этилган 67 та фаолият турлари кесимида маиший хизматлар йўналиши, яъни сартарошлик, маникюр, косметолог, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калит тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқа шу каби ишлар билан банд бўлган аҳоли энг кўп - 15 минг 361 нафар кишини ташкил этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар – чорва ҳайвонлари боқиш, қишлоқ хўжалиги экинлар экиш ва етиштириш, томорқа эгаларига ёрдам бериш сингари ишлар билан 8 минг 292 нафар ҳамюртимиз шуғулланмоқда.

Шунингдек, саноат (7 минг 767 нафар), халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (5 минг 199 нафар), ижтимоий соҳаларда хизмат кўрсатиш (4 минг 83 нафар), АКТ соҳаси (1 минг нафарга яқин) да ҳам кўплаб юртдошларимиз самарали фаолият юритмоқда.

Умуман, пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятда давлат солиқ идоралари, маҳалла ва бошқа мутасадди идоралар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни тизимли олиб бориш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.