Бугун юртдошларимиз Рамазон ҳайити байрамини юқори кўтаринкилик нишонланмоқда.
Сир эмаски, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилди, минглаб юртдошларимиз умра, ҳаж зиёратларини адо этмоқда.
Президентининг жорий йил 31 мартдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида» ги ва шу йил 30 апрель куни имзоланган «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида» ги қарорларида мамлакатимизда Рамазон ойи ва ҳайитини муносиб нишонлаш, байрамни юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги фармойиши асосида ўтказилган «Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими томонидан ҳам эътиборга ишлар амалга оширилди.
Халқимиз учун эзгулик ва мурувват, руҳий покланиш ойи ҳисобланган ушбу қутлуғ кунларда маҳалла раислари, фаоллари, имом-хатиблар, меҳнат фахрийлари, маҳалла оқсоқоллари томонидан кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди, айниқса, саховат тадбирлари доирасида жуда кўп ногирон, якка ёлғиз яшовчи ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдам ва кўмаклар кўрсатилди.
Ҳашар қадим-қадимдан халқимизнинг ўзига хос қадрияти сифатида шаклланган. Муборак рамазон кунларида ўтказилган «Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари давомида ҳам вилоятимизда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ва меҳр-саховат ишлари амалга оширилди.
Жумладан, 1 минг 265 гектар майдон ободонлаштирилди, ҳудудлардан 1 минг 72 тонна чиқинди чиқариб ташланди, 236 километр масофадаги ариқ ва лотоклар тозаланди, 121 минг тубдан зиёд мевали ва манзарали, 183 минг тубга яқин гул кўчатлар ўтказилди, 1 минг 22 та қабристон ва зиёратгоҳ ободонлаштирилди.
Ҳашар куни ижтимоий ҳимояга муҳтож 278 та оиланинг 8 минг 964 метр-квадрат уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Бунинг учун ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 131 миллион 104 минг сўм, Фондимиз қошидаги «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 27 миллион 80 минг сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, 4 минг 31 нафар эҳтиёжманд оилалар, шундан 2 минг 609 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Умуман, мазкур хайрия тадбирларига 2 миллиард 228 миллион 680 минг сўм, шундан 1 миллиард 843 миллион 110 минг сўмдан зиёд маблағ «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан сарфланди.
Амалга оширилган бу ишлар юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда Рамазон ҳайити байрами шукуҳининг янада ошишига хизмат қилмоқда. Вилоятимизда «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан юқоридаги каби хайрли ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Бахтиёржон ТУРСУНОВ,
«Маҳалла» хайрия жамоат фонди
Андижон вилояти бўлими
бошқаруви раиси.
ЎзА