Андижон вилоятида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда вилоятдаги мавжуд 975 мингга яқин оиланинг ҳар бири ўрганиб чиқилди. Оилалар вакиллари билан ўтказилган суҳбатларда ўша оиладаги муҳит, шарт-шароит, муаммо ва камчиликлар аниқланиб, имкон қадар бартараф этилди. Айниқса, низоли оилалар билан ишлаш, ажралишларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятимизда 2025 йилда оилавий ажримлар аввалги йилга нисбатан 21 фоизга камайган бўлса-да, ажралиш ҳолатлари барибир юқорилигича қолмоқда.
Оилавий ажралишларнинг сабаблари таҳлил этилганида, оила қурган ёшларнинг 7,1 фоизи оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, 5,6 фоизи фарзандсизлик, 3,3 фоизи спиртли ичимлик ичиш ёки гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолиш, 3,2 фоизи тазйиқ ва зўравонлик, шу билан бирга, телефон, интернетнинг таъсири, моддий ва молиявий қийинчилик, меҳнат миграцияси ёки узоқ вақт бирга яшамаслик сингари қатор ҳолатлар ташкил этди.
Таҳлиллардан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ҳолатни яхшилаш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, вилоятдаги нотинч, ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилалар билан бевосита ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Маҳаллаларда фаолият олиб бораётган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссия”лари, “Кексалар маслаҳат гуруҳлари”, “Ота-оналар университети”, “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Оқила аёллар ҳаракати” каби жамоатчилик тузилмалари томонидан оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича йўл хариталар ишлаб чиқилиб, оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари доимий ўтказиб борилмоқда.
Ана шу йўналишда олиб борилган ишлар натижасида вилоятдаги 5 минг 580 та низоли ва ажралиш ёқасида турган оиланинг 4 минг 773 таси яраштирилди.
Бундан ташқари, никоҳ қуриш арафасидаги йигит-қизлар туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан махсус ўқув курсларида ўқитилмоқда. Мутахассислар, отинойилар, имомлар томонидан уларга оиланинг муқаддаслиги, келин ёки куёвнинг масъулияти, бурчи, оиланинг бошқа аъзолари билан муносабати, оила бюджети сингари қатор мавзуларда билимлар берилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан асраш, шунингдек, зарур ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатишга қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида ўтган 2025 йилда оилавий тазйиқ ва бошқа сабаблар туфайли қийин аҳволга тушиб қолган 8 минг 389 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан оилада ва жамиятда аёллар ҳамда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, ўтган йили 268 та корхона ва ташкилотда, 619 та таълим муассасасида ҳамда 909 та маҳаллада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Биз олдимизга қўйган асосий мақсад – вилоятимиздаги ҳар бир оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигини таъминлаш, уни мустаҳкамлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати ва розилигини юксалтиришдан иборат.
Ферузахон Рустамова,
Андижон вилояти ҳокимининг
хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА