Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 36 мингга яқин кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилди
14:51 / 2022-10-07

Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бўш ерларни аниқлаш ва аукцион савдоларга чиқариш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш сингари қатор йўналишлар бўйича белгиланган ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Кадастр агентлиги вилоят бошқармасига жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхонаси орқали ҳамда жойларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида жами 511 та мурожаат келиб тушган. 

Мурожаатларнинг 82 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 409 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Умуман, мурожаатлар соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 184 тага камайган. 

– Бошқармамиз ҳамда туман, шаҳар филиалларимиз мутахассислари томонидан  қурилиш бўлимлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 679 та бўш ер участкалари аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Аниқланган бўш ер майдонлари бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шундан 2 минг 225 та бўш ер майдони тадбиркорларга сотиш учун аукцион савдоларига чиқарилди.

Бундан ташқари, Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича 49 мингдан зиёд ариза кўриб чиқилди. Белгиланган тартиблар доирасида 35 минг 735 та кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўрганишлар давомида 8 минг 309 та мулкнинг тегишли ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги ва бошқа сабаблар туфайли давлат рўйхатидан ўтказилиши рад этилди. Айни кунда 3 минг 600 дан зиёд мулк бўйича белгиланган тўловларни тўлаш ва  давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни давом этмоқда. 

Соҳа мутахассислари томонидан ер билан боғлиқ ишларни белгиланган тартиблар асосида бажариш, қонунийлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган тарғибот ишлари доимий равишда олиб борилмоқда. 

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА