Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 236 мингдан ортиқ истеъмолчига “ақлли ҳисоблагич” ўрнатилди
17:57 / 2022-06-22

“Андижон вилоятида газ таъминоти соҳасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар, бу борада аҳолига яратилган шарт-шароит ва қулайликлар” мавзусида пресс-тур ўтказилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган пресс-турда тизим мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Қўрғонтепа газ тўлдириш” шохобчаси фаолияти, газ тўлдириш жараёнлари, Е-газ дастурида ишлаш тизими билан яқиндан танишди.

Айни кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали тасарруфидаги мавжуд 3 та - “Ширин газ сервис”, “Пойтуг” ҳамда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчалари орқали истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Ана шу шохобчаларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 3 минг тоннани, газ сақлаш қуввати 285 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортига хизмат қилиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, истеъмолчиларга 89 та махсус маиший газ баллони ташувчи автотранспорт воситаси хизмат кўрсатади.

“Қўрғонтепа газ тўлдириш” шохобчаси вилоятнинг Хонобод ва Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ ҳамда Хўжаобод туманлари истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Мазкур шохобчанинг ойлик газ тўлдириш қуввати 1000 тоннани, газ сақлаш қуввати 50 тоннани ташкил этади. Шохобчада оғир газ қолдиқларни тўкиш ва маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ҳам йўлга қўйилган.  Жорий йилнинг биринчи чорагида шохобча махсус цехларида 7 тоннадан ортиқ оғир газ қолдиғи тўкиб олинган бўлса, 1 минг 700 донадан ортиқ  маиший газ баллони синовдан ўтказилди.

Вилоятда суюлтирилган газ баллонларини онлайн назорат тизимига ўтказиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Маиший газ баллонларига штрих кодли стикерлар ўрнатилди ва барча истеъмолчилар ID карталар билан таъминланган.

Тадбир иштирокчилари Жалақудуқ туманидаги Бўстон маҳалласида истеъмолчиларга суюлтирилган газ учун маиший баллонлар етказиб бериш, уларни қайта тўлдириш, онлайн тўлов тизимининг жорий этилиши  борасидаги ишлар билан бевосита танишди.

– Хонадонларга маиший газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда, – дейди Бўстон маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Абдусалом Ғойназаров. – Баллонга қуйилган суюлтирилган газ миқдори махсус ускуна орқали назорат қилиниши ҳамда онлайн тўлов тизимининг йўлга қўйилганлиги биз истеъмолчиларга катта қулайлик яратади. Қанча газ олдик, шунга яраша ортиқча оворагарчиликсиз онлайн тарзда тўловнинг амалга оширилиши шаффофликни таъминламоқда.

Тадбир қатнашчилари Хўжаобод туманидаги “Файз-М” корхонасига ташриф давомида улгуржи истеъмолчининг табиий газ билан таъминланиши, корхона ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлиги доирасида олиб борилаётган  ишлар билан танишди.

“Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” (АСКУГ) лойиҳасининг Андижон вилоятида жорий этилиши Булоқбоши туманидаги Қумгузар маҳалласидаги жараёнлар мисолида кўриб чиқилди.

[gallery-7670]

“Табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг  автоматлашган тизими” лойиҳасини жорий этиш, хонадонларга “ақлли ҳисоблагичлар ” ўрнатиш борасидаги ишлар хусусида маълумотлар берилди.

– Бугунги кунга қадар вилоятда 271 мингдан зиёд табиий газ истеъмолчиси хатловдан ўтказилди, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали раҳбари Давронбек Салоҳиддинов. – Вилоятда 226 минг 532 нафар ҳовли уйда, 45 минг 250 нафар кўп қаватли уйларда яшовчи истеъмолчи табиий газдан фойдаланади. Вилоятимизда “ақлли” газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари 2020 йилнинг май ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда ушбу жараён якунига етказилмоқда. Ҳозирга қадар вилоят бўйича 236 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатилди. Жумладан, шу йилнинг биринчи чорагида 15 минг 623 истеъмолчига “ақлли ҳисоблагичлар ” ўрнатиб берилди.

Мазкур лойиҳа давомида аҳолига сифатли табиий газ етказиб беришни таъминлаш мақсадида газ етказиб беришнинг икки босқичли тизимга ўтиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 1 минг 421 дона газ тақсимлаш қурилмалари демонтаж қилинди. Йил якунига кўра, 88 минг 788 хонадонда табиий газ етказиб беришнинг икки босқичли тизимига ўтилиши режалаштирилган.

Шунингдек, тадбир давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Жорий йилда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан 5,9 километр узунликдаги газ қувурини мукаммал таъмирлаш, 3,2 километр  газ қувурини реконструкция қилиш, 14 дона газ тақсимлаш қурилмасини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, мавжуд 2 минг 471 дона газ тақсимлаш қурилмасини техник кўрикдан ўтказиш режалаштирилган.

Йилнинг биринчи чорагида 711 дона газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилди, таъмирланди. Шу билан бирга, 10,1 километр узунликдаги қувурлар юқори босим остида синовдан ўтказилиб, тозаланди. 68 километр узунликдаги ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилди. Бажарилган ишлар натижасида 42 та маҳалла ўрамидаги 20 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти янада яхшиланади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида вилоятдаги 32 та маҳаллада табиий ва суюлтирилган газ таъминотнини янада яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, 12,3 километр узунликдаги газ тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, 37 дона газ тақсимлаш пунктларини таъмирлаш, эҳтиёжманд хонадонларга 1 минг 300 га яқин маиший газ баллони етказиб бериш режалаштирилган. Белгиланган ана шу ишларни амалга ошириш учун “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳисобидан 1 миллиард 69 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА