Якунланган 2021 йилда Андижонда 210 минг нафарга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиб, вилоятда ишсизлик даражаси 10,2 фоиздан 9,5 фоизга камайтирилди.
Андижон вилоятида жорий йилда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгиланган.
Статистик маълумотларга кўра, вилоятда ишсизлар сони 130 минг нафардан зиёд, хорижга ишга кетганлар сони 200 минг нафардан ортиқ, бу йил меҳнат бозорига кириб келиши кутилаётган ёшлар сони эса 51,6 минг нафарни ташкил этади.
Шундан келиб чиқиб, вилоятда 2022 йилда бешта йўналишда 191 минг нафар ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, янги иш ўринлари қуйидаги йўналишларда яратилиши кўзда тутилган:
- тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида 36,3 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 855 миллиард сўм миқдорида молиявий ресурс ажратилади.
- ҳудудий Инвестиция дастури доирасида 44 мингта;
- қурилиш соҳасида 14,4 мингта, шу жумладан, “Янги Андижон” шаҳри қурилиши ҳисобига 5 мингта янги иш ўринлари яратилади;
- хизмат кўрсатиш соҳасида 13 мингта;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида 84 мингта иш ўрни яратилади. Хусусан, 4,5 минг гектар пахта майдонларини аҳолига 10 сотихдан узоқ муддатли ижарага бериш орқали 45 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Умуман, жорий йилда амалга ошириладиган ишлар натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 9,5 фоиздан 8,7 фоизга камайтирилиши белгиланган.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА