Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 17,5 мингдан зиёд оилага ёрдам кўрсатилди
17:25 / 2023-08-26

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да белгиланган, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жумладан, Халқ депутатлари шаҳар туман кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланган рўйхатларга асосан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи фуқароларга зарур ёрдамлар кўрсатилди.

- Фондимиз ҳамда фондимиз қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ижтимоий ҳимояга, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд аҳоли вакилларига доимий равишда ёрдам кўрсатиб келинмоқда, - дейди “Маҳалла” хайрия фонди Андижон вилоят бўлими бош мутахассиси Ойбек Худойбердиев. - Жорий йилнинг ўтган етти ойида  ижтимоий ҳимояга муҳтож 17 минг 614 та оилага 19 миллиард 19 миллион 666 минг сўм миқдорида хайрия ёрдамлари кўрсатилди. 

Вилоятдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 минг 778 та оилага кундалик истеъмол товарлари учун 1 миллиард 562 миллион сўмдан ортиқ, дори-дармон ва тиббий воситалар харид қилиш учун 797 та оилага 2 миллиард 513 миллион сўмдан ортиқ, моддий ёрдам учун 5 минг 164 та оилага 796 миллион 765 минг сўм  миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.  

– Фарзандим Азизбек Козимжонов болалигидан буйрак хасталигидан азият чекар эди, – дейди Андижон тумани, Дарёбўйи маҳалласида яшовчи Д. Қўчқорова. – Шифокорлар унда жарроҳлик амалиётидан ўтказишни тавсия этган.  

Оиламиз моддий жиҳатидан қийин шароитда яшайди. Ўзимиз  операция қилдириб, даволатишга имкон қила олмадик. Ёрдам кўрсатишларини сўраб, “Маҳалла”  жамғармаси вилоят бўлимига мурожаат қилдим. Мутасаддиларга мингдан-минг раҳмат, ёрдамларини аямади. Фарзандимнинг операцияси учун 40 миллион сўм ўтказиб берилди.  

[gallery-13282]

-  Ҳеч бир инсоннинг фарзанди оғримасин экан, - дейди Андижон шаҳри Бекгузар маҳалласида яшовчи уй бекаси Шаҳноза Ботирова. – Фарзандимни даволатиш учун мен кўрган қийинчиликлар ҳеч бир онанинг бошига тушмасин. Фарзандимни операцияси учун 10 миллион сўм пул ўтказиб берилганида беихтиёр йиғлаб юбордим. Ҳукуматимизга, яхши инсонларга раҳмат. Операциядан сўнг фарзандим анча соғайди, бугун дунёда мендан бахтли она бўлмаса керак.  

Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, соғлигини тиклаш, моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтари”да турувчи 4 минг 233 та оилага 6 миллиард 435 миллион 826 минг сўм, “Аёллар дафтари”га киритилган 2 минг 39 нафар аёлни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард 871 миллион 600 минг сўм маблағ сарфланган.  

Эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар барча туман ва шаҳарларда ҳам имконият даражасида амалга оширилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Бўстон туманидаги «Темир дафтар»га киритилган 40 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.  

Давлатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами олдидан ўтказилган "Ободонлаштириш ойлиги" доирасида Булоқбоши тумани "Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан ўндан ортиқ кам таъминланган оилалар ва якка ёлғизларнинг хонадонларини ободонлаштиришга, уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашилди, бир нечта оилага қурилиш материаллари олиб берилди.  

- Моддий имкониятимиз йўқлиги сабаб анча йиллардан буён уйимизни таъмирлай олмаймиз, - дейди Булоқбоши тумани, Саноат маҳалласида яшовчи Минаввархон Каримова. – Нураб, ҳатто, баъзи жойлари қулаб тушган уйимизни таъмирлашга “Маҳалла” фонди яқиндан ёрдам берди. Бизга цемент, шағал, шифер сингари қурилиш материаллари олиб берди. Илоҳим, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимиз, бу ишларга ўз ҳиссаларини қўшаётган барча инсонлар омон бўлсин.  

Худди шундай “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида Марҳамат тумани “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Барҳаёт, Шомот, Тош йўли, Дўстлик, маҳаллаларида яшаётган бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, шунингдек, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.  

Бир сўз билан айтганда, Андижонда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар, олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, ҳаётидан рози бўлиб яшашларига ёрдам бермоқда.    

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган юқоридаги  каби ишлар давом этмоқда.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА