Бандлик дастури – амалда
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг иқтидор ҳамда қобилиятларини юзага чиқариш учун имкониятлар эшиги очиб берилган.
[gallery-21984]
Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган 2024 йилнинг бошида вилоятдаги ҳар бир маҳаллада хатлов ўтказилиб, ёшлар етакчилари томонидан 15 минг 51 нафар ишсиз ёшнинг рўйхати шакллантирилди. Ана шу ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида йўл хариталари ишлаб чиқилиб, аниқ режалар белгиланди.
– Олиб борилган ишлар натижасида ўтган йили рўйхатга олинган ишсиз ёшларнинг бандлиги юз фоиз таъминланди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Aндижон вилояти бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тангриқулов. – Хусусан, уларнинг 2 минг 763 нафари корхона, ташкилот ва муассасалардаги доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 4 минг 377 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 596 нафарига субсидия, 4 минг 488 нафарига деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратилди, 768 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит тақдим этилди. Шунингдек, 2 минг 59 нафар йигит хоҳишига кўра ҳарбий хизматга юборилди.
Кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси ўлароқ, ёш тадбиркорлар сафи тобора ортиб бормоқда. Кўплаб ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйиб, тенгдошларини иш билан таъминламоқда.
Масалан, Балиқчи тумани Оққўрғон маҳалласида жойлашган “Ёшлар саноат зонаси”да янги-янги лойиҳалар ишга туширилди, кўплаб ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.
– Ушбу саноат зонасидан жой олиб, турк инвесторлари билан ҳамкорликда чолғу асбоблари тайёрлашни йўлга қўйдим, – дейди туманнинг Гуравон маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Нурбек Ҳолиқов. – Ҳозирча 15 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Айни кунларда маҳсулотларимизни Туркияга экспорт қилиш ҳаракатидамиз.
Вилоятда ёшлар бандлигини таъминлашда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар, деҳқончилик қилиш учун ёшларга ер майдонлари ажратиб берилганлиги ижобий натижалар бермоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда 16 минг 669 нафар ёшга жами 2 минг 517 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Белгиланган тартибда “е-аукцион” платформаси орқали ўтказилган танловда ғолиб бўлиб, ижарага олинган ер майдонларига ёшлар томонидан 28 турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, 696 тонна ҳосил олинди. Уларнинг олган жами даромади 1 миллиард 597 миллион сўмни ташкил этди.
Масалан, Қўрғонтепа туманида 1 минг 578 нафар ёшга 232 гектар ер майдони ажратиб берилган. Қўрғонтепалик ёшлар ана шу ерлардан самарали фойдаланди.
– Ажратилган ер майдонининг 2 гектарида тенгдошларим билан келишиб, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида брокколи карами етиштирдик, – дейди тумандаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Алишер Шокиров. – Маҳсулотни сотишга қийналмадик, даромадимиз ҳам ёмон бўлмади. Деҳқончилик ортидан оиламиз бюджетига қўшимча даромад киритдик. Насиб этса, бу йил ҳам астойдил меҳнат қиламиз.
Вилоятда “Уйчи” тажрибаси асосида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Олтинкўл тумани ишсизликдан холи ҳудуд сифатида танлаб олинган.
Ўтган йили туманнинг 59 та маҳалласидаги ишсиз ёшларга вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари масъул этиб бириктирилди. Рўйхатга олинган 12 минг 118 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилди. Натижада 11 минг 800 нафар ёки 97 фоиз ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди.
Бандлиги таъминланган ёшларнинг 7 минг 597 нафари ўзини-ўзи банд қилган бўлса, 755 нафари имтиёзли кредит, 229 нафари субсидия ҳисобидан ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Бундан ташқари, 182 нафар йигит-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 1 минг 369 нафар ёш ўзига ажратилган ер майдонида деҳқончилик қилиб, даромад олди. Мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
Вилоятда профессионал таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг истагига қараб касб-ҳунарга ўргатиш, таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида ҳам зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги таълим муассасаларини тамомлаган 20 минг 185 нафар йигит-қиз меҳнат бозорига кириб келди. Уларнинг 13 минг 826 нафари олий таълим муассасалари битирувчилари эди. Йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида 20 минг 185 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу энг аввало, ёшлар даромадини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари