Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан “Вилоятда йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2025 йилнинг режалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бошқарма мутасадди ва масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар иштирок этган анжуманда ўтган йили вилоятда автомобиль йўлларини таъмирлаш, янги йўллар барпо этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Андижон вилоятида 13 минг 427 километр узунликда автомобиль йўли бўлиб, шундан 2 минг 544 километри умумий фойдаланишдаги, 10 минг 883 километри эса ички автомобиль йўллари ҳисобланади. Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, бугунги кунда вилоятдаги мавжуд йўлларнинг 3 минг 824 километри таъмирталаб бўлиб, шундан 530 километри автомобиль, 3 минг 294 километри ички йўллардир.
– Ўтган 2024 йилда вилоятимизда турли тоифадаги йўлларни таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Нодирбек Комилов. – Яъни белгиланган режа ва дастурлар доирасида 1 минг 520,2 километр йўл, 9 та кўприк таъмирланди.
Анжуманда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш йўналишида белгиланган ишлар юз фоизга бажарилиб, 384 километр масофадаги автомобиль йўли таъмирланганлиги, бунинг учун 260,6 миллиард сўм маблағ сарфланганлиги таъкидланди.
Автомобил йўлларида амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида 138 та маҳалладаги 75 минг нафардан зиёд аҳолига қулайлик яратилиб, транспортларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланди.
[gallery-21468]
Вилоятда кейинги йилларда, хусусан, 2024 йилда ички йўлларни таъмирлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада чекка-чекка ҳудудлардаги неча йиллар давомида таъмирланмаган, ёзда чанг, қишда лой кўчалар шағалланди, маълум қисми асфальтланди, қайсидир қисмига бетон қопламаси ётқизилди. Жумладан, 272 та маҳалладаги 1 минг 150,2 километр йўл таъмирланди. Яъни ички йўлларнинг 558,2 километр қисмига асфальт, 592 километр қисмига шағал ётқизилди.
Шунингдек, ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, 0,8 километр, тегишли қарорга асосан 102,6 километр автомобиль йўли таъмирланди. Бу ишларни амалга ошириш учун 48,7 миллиард сўм маблағ сарфланган.
2024 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 166,6 миллиард маблағ ҳисобига 454,9 километр ички йўллар таъмирланди. Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида 272 маҳалладаги 150 минг нафарга яқин аҳолига қулайлик яратилди.
Ўтган йили 6,2 миллиард сўм маблағ сарфланиб, умумфойдаланиш йўлларидаги 7 та, ички йўллардаги 2 та кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 400 га яқин аҳоли яшаш масканларидаги 215 минг нафардан зиёд аҳолига қулайлик яратилди, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланди.
Тадбирда мутасаддилар томонидан жорий – 2025 йилда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари