Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда 12 минг 826 та қуёш панели ўрнатилди
16:57 / 2025-02-21

Кейинги йилларда мамлакатимизда “яшил энергия”дан фойдаланиш, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига қуёш панеллари ўрнатиш, мини ГЭСларни ишга тушириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 27 январь куни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури лойиҳаси юзасидан ўтказилган йиғилишда мамлакатимизда қўшимча яна 1 гигаватт қувватли муқобил энергия ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш, шунингдек, давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантиришни давом эттирилиши, бунинг учун 2 триллион сўм кредит ажратилиши таъкидланди.

– Вилоятда давлатимиз раҳбарининг ана шу ташаббусларидан келиб чиқиб, қолаверса, мазкур йўналишдаги аввалги топшириқлар ижросини таъминлаш, “Яшил энергия”дан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, айниқса, қуёш панеллари ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Сардорбек Юсупов. – Жумладан, 2023-2024 йиллар давомида вилоятда умумий қуввати 87 607,1 кВат қувватга эга 12 минг 826 та қуёш панеллари ўрнатилди.  

Ўтган давр мобайнида 1 минг 626 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига қуввати 23 минг 168 кВатли, тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларига  қуввати 26 минг 835 кВатли, 12 минг 826 та аҳоли хонадонига 87 минг 607 кВатли, 33 та кўп қаватли уйларга 268 кВатли қуёш панеллари ўрнатилди. 

Қуёш панеллари ўрнатилган юқоридаги объектлар божхона “Яшил энергия” платформаси рўйхатидан ўтказилди.

Бундан ташқари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан 2024 йилда қуёш панеллари ўрнатилган хонадон ва хўжалик субъектлари билан ўз эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилди. Яъни ўтган йил давомида 263 нафар фуқародан сотиб олинган 1 минг 644 кВат, 442 та хўжалик юритувчи субъектдан сотиб олинган 10 минг 280 кВат энергия учун шартномада белгиланган нархлар бўйича тўловлар тўлаб берилди.

“Яшил энергия”дан фойдаланишни кенг тарғиб этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли вакилларига қуёш панеллари ўрнатилганда бериладиган имтиёзлар, унинг қулайлик ва афзалликларини тушунтиришга қаратилган семинарлар, турли тарғибот тадбирлари доимий равишда ўтказилмоқда.

Андижонда муқобил энергиядан фойдаланиш, қуёш панеллари ўрнатиш борасидаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиши белгиланган.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари