2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан жорий 2024 йил юртимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ана шу йўналишдаги ишлар давомийлигининг бир мисолидир.
Бугунги кунда Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатда бўлгани каби Андижонда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Йил бошида вилоятдаги ҳар бир маҳаллада хатлов ўтказилиб, ёшлар етакчилари томонидан 15 минг 51 нафар ишсиз ёшнинг рўйхати шакллантирилди. Ана шу ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида фуқаробай йўл хариталари ишлаб чиқилиб, аниқ режалар белгиланди.
–Олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида рўйхатга олинган ишсиз ёшлардан 10 минг 834 нафари ёки 72 фоизининг бандлиги таъминланди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Aндижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Хусусан, уларнинг 2 минг 24 нафари корхона, ташкилот ва муассасалардаги доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 1 минг 691 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 275 нафарига субсидия ажратилди, 4 минг 488 нафарига деҳқончилик қилиш учун ер майдони ажратилди, 297 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит тақдим этилди. Шунингдек, 2 минг 59 нафар йигит хоҳишига кўра ҳарбий хизматга юборилди.
Бугунги кунда 8 минг 683 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда ёшлар бандлигини таъминлашда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқончилик қилиш учун ёшларга ер майдонлари ажратиб берилганлиги ижобий натижалар бермоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда 16 минг 669 нафар ёшга жами 2 минг 500 гектар ер майдони ажратиш белгиланган.
Ҳозирга қадар е-аукцион платформасига 16 минг 390 та лотлар қўйилиб, 2 минг 544 гектар ер майдони танловга чиқарилган. Кўплаб ёшлар танловда ғолиб бўлиб, ер соҳибига айланган.
–Танловда қатнашиб, деҳқончилик қилиш учун хонадонимизга яқин жойдан 15 сотих ер олдик, – дейди Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласида яшовчи Зулфира Тожиматова. – Берилган имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Насиб этса, кузда ердан иккинчи хосилни оламиз. Деҳқончилик ортидан оиламиз бюджетига қўшимча даромад киряпти.
Вилоятда ердан самарали фойдаланаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ деҳқончилик қилиш учун ер ажратилган баъзи бир ёшлар ердан самарали фойдалана олмаяпти. Ёшлар етакчилари, мутасаддилар томонидан ана шу йўналишдаги ишлар бўйича мониторинг юритиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу орқали мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлиги янада ортиши ва ҳақиқий ҳолат бўйича маълумотлар шаклланарди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 336 нафар ёшнинг замонавий касбларга ўқиши, маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда қатнашиши учун 1 миллиард 956 млиллион сўмдан зиёд харажатлар “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.
Шунингдек, ёшларни бренд лойиҳаларга қамраб олиш мақсадида уларнинг 227 минг нафари “Ибрат фарзандлари”, 47 минг нафари “Мутолаа”, 2 минг нафари “Уз чесс”, 2,5 минг нафари “Устоз Э-Ай” лойиҳаларига жалб этилди.
Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 5 минг нафарга яқин ёш тил сертификатларини қўлга киритди, “Мутолаа” лойиҳаси орқали 70 минг дона китоб ўқилди.
Вилоятда “Уйчи” тажрибаси асосида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Ишсизликдан холи ҳудуд сифатида Олтинкўл тумани танлаб олинди.
Тумандаги 59 та маҳаллага вилоят бошқарма ва ташкилотларининг раҳбарлари масъул этиб бириктирилган. Шунингдек, 12 минг 118 нафар ишсиз ёшлар қайта хатловдан ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
[gallery-18643]
Амалга оширилган ишлар натижасида ишсиз ёшлардан 11,8 минг нафари ёки 97 фоизининг бандлиги таъминланди. Жумладан, ўтган давр мобайнида туманда ўзини-ўзи банд қилиш бўйича 7 минг 597 нафар, имтиёзли кредит ажратиш йўналишида 755 нафар, касб-ҳунарга ўқитиш йўналишида 182 нафар, субсидия ажратиш бўйича 229 нафар, ишга жойлаштириш бўйича 595 нафар ҳамда ер ажратиш бўйича 1 минг 369 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.
Вилоятда профессионал таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг истагига қараб касб-ҳунарга ўргатиш, таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида ҳам зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
2024 йилда вилоятдаги 66 та профессионал таълим муассасасини 16 минг 770 нафар ёш тамомлади. Таълим жараёнида ушбу битирувчиларнинг 11 минг 34 нафари “Таълим ва меҳнат бир масканда” лойиҳаси доирасида вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарига бириктирилиб, кафолатли иш жойи билан таъминланди.
2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларнинг 11- синфини 33 минг 784 нафар йигит-қиз тамомлади. Ҳозирга қадар 25 минг 996 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу энг аввало, ёшлар даромадини оширишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари