Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан “Андижон вилоятида йўл соҳасида 2020-2021 йилларда амалга оширилган ишлар ва белгиланган режалар” мавзусида матбуот анжумани ҳамда асфальт ишлаб чиқариш корхонасига пресс-тур ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимсизда хусусан, Андижон вилоятида автомобиль йўллари қуриш, таъмирлаш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, шунингдек, келгусидаги режалар хусусида маълумотлар берилди.
- Вилоятимизда турли тоифадаги йўлларини таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бош муҳандиси Нодирбек Комилов. – Айни кунда вилоятда 13 минг 368 километр автомобиль йўллари бўлиб, шундан 2 минг 463 километри умумий фойдаланишдаги, 10 минг 905 километри ички атомобиль йўлларидир.
[gallery-3851]
Жорий йилда вилоятда 1 минг 693,8 километр автомобиль йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш белгиланган. Январь-июль ойларида белгиланган дастурлар доирасида 316,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 1 минг 515,3 километр узунликдаги йўлларнинг ҳолати яхшиланди. Жумладан, Инвестиция, капитал таъмирлаш дастурлари асосида 81,5 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилди. Бундан ташқари, жами 1 минг 270,9 километр ички йўллар таъмирланди, яъни 1 минг 33 километр йўлга шағал, 237,9 километр йўлга асфальт ётқизилди. Бу ишларни бажариш учун 160,6 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Биргина Андижон шаҳрининг Фаробий, Сарбонтепа, Хамдўстлик, Мустақилликнинг 21 йиллиги маҳаллалари ҳамда Олтинкўл туманининг Далварзин, Чўнтак, Янги чек, Айшахоним, Кўмакай сингари 9 та маҳаллада 83 километр ички йўлларни асфалтлаш учун 26 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди.
Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 234,7 километр йўлнинг сифати яхшиланди. Яъни 180,2 километр йўлга шағал, 54,4 километр йўлга эса асфальт ётқизилди.
Шунингдек, жорий йилнинг етти ойи давомида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жойлашган 4 та кўприк таъмирланди. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш бўйича 60,3 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, 244,4 километр автомобиль йўли таъмирланди.
Матбуот анжуманида келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди. Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан жавоблар олди.
Матбуот анжуманидан сўнг иштирокчилар Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфидаги асфальт ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА