Президентимизнинг ўтган йили Андижон вилоятига ташрифи чоғида 2018 йилдан буён ишламай келаётган “Андижон” халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, аэропортга хусусий инвесторларни жалб этиш бўйича кўрсатма берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги кўмаги аэропортнинг учиш ва қўниш йўлаклари таъмирланди, — дейди “Андижон” халқаро аэропорти директори Сайдулло Тўхтасинов. – Учиш, қўниш йўлакларига белгиланган талаблар асосида ёритиш чироқлари ўрнатилди. Натижада ички ва халқаро чартер рейслар қатнови йўлга қўйилди. Бундан ташқари, аэропорт инфратузилмасини яхшилаш, йўловчиларга қулайликлар яратишга қаратилган қатор ишлар ҳам амалга оширилди. Минг афсуски, ўтган йили пандемия муносабати билан ишларимиз тўхтаб қолди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли “Андижон” халқаро аэропорти Андижон шаҳрининг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, ҳудуди 243,4 гектарни ташкил этади. Айни пайтда 200 нафарга яқин ишчи-ходим ва мутахассислар фаолият олиб бораётган аэропортда сотиш ва ташишни ташкил этиш, диспетчерлик, ахборот технологиялари гуруҳи, учиш хавфсизлиги инспекцияси, молия-иқтисод, материал-техник таъминот, ёқилғи материаллари таъминоти, электр техника ва ёритгич таъминоти, менежмент ва сифат, авария-қутқарув, тиббий пункт сингари йигирмага яқин хизматлар ва гуруҳлар иш олиб боради.
Аэровокзал соатига 250-300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга. Йўловчилар учун қатор қулайликлар яратилган. Маъмурий бино, кутиш зали таъмирланди, тиббий пункт, она ва бола хонаси ташкил этилган, бар доимий равишда йўловчилар хизматида. Ҳудуддаги ер майдонлари кўкаламзорлаштирилди, гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди, кузатувчи ва кутиб олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида, Wi-Fi интернет зонаси яратилди, автомобиллар қўйиладиган махсус жой барпо этилди.
[gallery-2795]
Ҳозирда аэропортдан ҳафтада икки марта Андижон-Тошкент ички йўналиши бўйича, шунингдек, Россия авиакомпаниялари томонидан Москва, Нижневартовск ҳамда Иркутск шаҳарларига чартер рейслари бўйича авиақатновлар йўлга қўйилган бўлиб, ана шу йўналиш бўйича йўловчилар ўз вақтида манзилларига етказилмоқда.
- Яқинда аэропортимизга ISO 9001:2015 халқаро сифат менежменти тизими сертификати тақдим этилди, — дейди “Андижон” аэропорти Сифат менежменти тизими муҳандиси Азизахон Қўчқарова. — Белгиланган халқаро стандартлар талаблари тўла бажарилганлиги туфайли Халқаро сертификатлаштириш муассасаси томонидан аэропортимиз ана шундай эътирофга сазовор бўлди.
Аэропортга инвестиция жалб этиш бўйича аэропорт маъмурияти, вилоят ҳокимлиги, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамкорлигида қатор инвесторлар билан музокаралар ўтказилди, таклифлар ўрганилди. Аэропортни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, юқори идораларга тақдим этилган. Ҳозирда тақдим этилган лойиҳалар «Uzbekistan Airports» акцинерлик жамияти ҳамда Транспорт вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган Йўл харитасига асосан, 2022 йилда “Андижон” халқаро аэропорти мажмуаси реконструкция қилиниши, шунингдек, сигнал-ёритиш тизими янгиланиши белгиланди.
Яқин йиллар ичида “Андижон” халқаро аэропорти янгича қиёфа касб этиб, халқаро андозалар асосида йўловчиларга хизмат кўрсатади. Қолаверса, кўплаб янги ички ва халқаро авиақатновлар йўлга қўйилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА