Андижонда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Халқаро оила куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
– Оилаларимиз қанчалик барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шу қадар юксалиб бораверади, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева. – Шу боис ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни улуғлаш мақсадида ўтказилган танлов ана шу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Танловнинг маҳаллалар кесимидаги босқичида 2 минг 700 дан зиёд оила қатнашди.
[gallery-11886]
Танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 та оила иштирок этиб, оилани мустаҳкамлаш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, фарзанд тарбияси, китоб мутолааси, жамиятдаги намунали фаолияти бўйича белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
Якуний натижаларга кўра, Марҳамат тумани Хўжаариқ маҳалласида яшовчи Ойзодахон ва Ортиқали Хусановлар оиласи биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда Хўжаобод тумани Бешкарам маҳалласида яшовчи Муҳайёхон ва Баҳодиржон Ғофуровлар оиласига иккинчи, Балиқчи тумани Жасорат маҳалласида яшовчи Замирахон ва Мўйсинжон Расуловлар оиласига учинчи ўрин насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолиб, деб топилганлар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА