Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорлик ишлари ривожланиб бормоқда.
Хусусан, тутчилик ва ипакчиликдаги «ўзбек модели» тажрибасини Қозоғистонда жорий этиш, ҳамкорликда тут плантацияларини ташкил этиш ҳамда ипак қурти боқиш анъанасини қайта тиклаш мақсадида Андижон вилояти Марҳамат туманидан Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятига 85 минг туп тут кўчатлари етказиб берилди.
Мазкур тут кўчатлари «Ипак кўчат» тутчилик кластеридан юборилган бўлиб, бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин бўлган нав ҳисобланади. Бу нав «Марҳамат-2017» деб номланиб, мазкур навли тутни Қозоғистонга сотиш натижасида қўшни давлат далаларида тутчилик кластерларини ташкил қилиш мақсад қилинган. Бу борада «Марҳамат-2017» тут навининг муаллифи Адулфаттоҳ Мусурмонқулов Туркистон вилоятига бориб маҳаллий фермерларга тут кўчатларини экишда услубий ёрдам кўрсатди.
Мақсад Ўзбекистон тажрибасини Қозоғистонда жорий этиш орқали маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга даромад манбаига эга бўлган касбни ўргатишдир.
Гулноза Бобоева, ЎзА