Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Халқимиз бунинг учун, қолаверса, тинч-осойишта ҳаётимиз, муборак рамазон ойининг чиройли тарзда ўтаётганлиги учун ҳар бир юртдошимиз қалбида шукроналик туйғуси жўш урмоқда.
Президентининг жорий йил 31 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги ва куни-кеча имзоланган “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида” ги қарорларида мамлакатимизда Рамазон ойи ва ҳайитини муносиб нишонлаш, байрамни тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш, қолаверса, Рамазон ҳайити байрамини юқори савияда ўтказиш учун Андижон вилоятида ҳам зарур ишлар амалга оширилди.
Маълумки, рамазон ойи, ҳайит байрами муносабати билан халқимизнинг хайру саховат, меҳр-оқибатга йўғрилган ишлари кўлами янада ортади. Айни кунларда вилоятнинг ҳар бир маҳалласи, ҳар бир кўчасида тозалик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, имконияти чекланган, бева-бечораларга хайру саховатлар кўрсатилаётир.
Вилоятдаги ҳайит намозлари ўқиладиган масжидларда байрамга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Муборак байрам кунида халқимиз, фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, мамлакатимизда юрдошларимизнинг ибодат қилишлари, зиммаларидаги диний амалларни адо этишлари учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ёшлар иттифоқи, Маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

– Рамазон ҳайити намози вилоятдаги 177 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов. – Ҳайит намозлари ўқиладиган масжидлар тахт ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.
Дарҳақиқат, Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиор ва паннолар ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, Рамазон ҳайити байрами вилоятда кўтаринки кайфиятда ўтиши учун зарур барча ишлар амалга оширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзA