Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилоятида куз-қишга тайёргарлик ишлари ўрганилмоқда
18:00 / 2020-09-08

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан танишмоқда.

– Энергетика вазири раҳбарлигида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, жойларда мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида республика ишчи гуруҳи тузилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ходими, ишчи гуруҳ аъзоси Акмалжон Эшонқулов. 

– Энергетика вазирлигининг газ, электр энергияси ва кўмир таъминоти тизимлари раҳбарлари, мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳ бир ой давомида вилоятларда бўлиб куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг боришини ўрганади, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни аниқлаб, бартараф этиш, энг асосийси, куз-қиш мавсумини беталофат ўтишини таъминлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтаришни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган.

Энергетика вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи ўрганиш жараёнини Андижон вилоятидан бошлади.

Ишчи гуруҳ дастлаб “Андижон кўмир етказувчи” шохобчасида бўлди. Шохобча томонидан аҳоли, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётган кўмир ҳажми ва сифати кўздан кечирилди.

Андижон вилоятида 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 281 минг 273 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 34 минг 482 тоннага ёки 14 фоизга кўпдир. Айни кунда вилоятда истеъмолчиларга кўмир етказиб бериш учун 7 та кўмир омбори, 7 та автоюклагич, 6 та юк автотранспорти ва 7 та автотарози мавжуд бўлиб, улардан самарали фойдаланиш бўйича зарур чоралар кўрилган.

photo_2020-09-08_18-20-07.jpg

Аҳолига сотиш учун 1 тонна кўмирнинг нархи 300 минг 300 сўм, брикет 412 минг 500 сўм этиб белгиланган.

Танишиш давомида вазир кўмир етказиб бериш билан боғлиқ ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берди.

– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилсагина, мавсумни беталофат, кўнгилдагидек ўтказамиз, –деди вазир А.Султонов. – Бунинг учун энг аввало, шу ишга масъул ва мутасадди бўлган шахслар масъулиятни чуқур ҳис этиб, сидқидилдан иш олиб бориши зарур.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Андижон шаҳридаги собиқ Миллий ҳунармандчилик коллежи, Асака туманидаги “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 6-умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Таълим муассасалари раҳбарлари, мутасаддилар ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Вазир амалга оширилган ишлар юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Истеъмолчиларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.

– Маҳалламизда 1 минг 272 та хонадонда 2 минг 35 та оила яшайди, –дейди Асака туманидаги Файзобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ибодатхон Йўлдошева. – Аҳолининг ярми табиий газга уланган, ярмига эса суюлтирилган газ берилади. Ҳар бир хонадон биттадан газ балони билан таъминланган. 

Бир хонадонда икки, уч оила яшаши ҳисобига ўша хонадонга берилган битта газ баллони кўпинча алмаштириладиган муддатгача етмайди. Шуни ҳисобга олиб бир неча оила яшайдиган хонадонларимизга яна 100 га яқин газ баллони берилиши лозим. Ҳудудгаз туман бўлимига тақдим этиш учун ана шу хонадонларнинг рўйхатини тузиб қўйганмиз.

photo_2020-09-08_18-20-01.jpg

Вазир мазкур маҳаллада яшовчи Рўзиохун Исоқов хонадонида бўлиб хонадон соҳиблари билан суюлтирилган газ таъминоти бўйича суҳбатлашди.

Маҳаллада аҳолини кўмир билан таъминлаш борасида ҳам ишлар намунали йўлга қўйилган. Аввало, кам таъминланган оилаларга ҳомийлар кўмагида кўмир бепул олиб келиб берилади. Одамларнинг ортиқча овора бўлмаслиги учун қолган хонадонларга рўйхат асосида “Кўмир тарқатиш” шохобчасидан умумлаштирилган ҳолда олиб келиниб маҳалланинг ўзида тарқатилади.

Шундан сўнг вазир Асака туманидаги “ПС-Автозавод” подстанцияси фаолияти билан танишди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини белгиланган муддатда тугатиш юзасидан топшириқлар берди.

– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 80 фоизга бажарилган, –дейди подстанция бошлиғи Расулжон Ҳайдаров. – Автомобиль ишлаб чиқариш корхонасида электр энергиясида узилиш бўлмаслиги учун дам олиш кунлари режалаштирилган таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қисқа муддат ичида қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишлар тўла якунланади.

Энергетика вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Шаҳрихон, Избоскан туманларида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Андижон вилоятида ўрганиш жараёни давом этмоқда.