“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳа доирасида жорий йил баҳор мавсумида вилоятда 9 миллион 635 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда қаламчалар экилиши режалаштирилган. Айни кунларда мазкур йўналишдаги ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан олиб борилмоқда.
[gallery-10951]
Избоскан туманида ушбу хайрли лойиҳа доирасида 100 дан зиёд автомашиналарга ортилган 90 мингдан ортиқ мевали, манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари маҳалла ва ташкилотларга етказиб берилди. Кўчат экиш ишлари туман ҳокими, сектор раҳбарлари бошчилигида 63 та маҳалла ҳамда 60 дан зиёд ташкилот ва корхоналарда юқори кўтаринкилик билан ўтказилди. Балиқчи туманида эса баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 730 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар нуронийларнинг дуо-фотиҳалари билан йўл бўйларига, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бўш турган ҳудудларига, маҳаллаларга 250 минг тупга яқин кўчатлар ўтқазилди.
– Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган, – дейди Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдураимов. – Қолаверса, кўчат экиш, ҳудудларни яшил маконга айлантиришдек хайрли иш халқимизга хос анъана, қадрият. Шу боис ҳам ушбу жараёнда каттаю кичик фаол иштирок этмоқда. Вилоятнинг барча туман, шаҳарларида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА