Андижон вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича вилоят ҳудудида сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексида белгиланган тартибларга кўра, сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг, ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш муассасалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари қоида тариқасида сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади.
[gallery-18831]
Йиғилишда сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан туман ва шаҳар ҳокимликларининг тақдимномаларига асосан вилоятда 938 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари рўйҳати тасдиқланди.
–Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-моддасида сайлов участкаларини тузиш тартиби ва нормаси ҳамда кодекснинг 20-моддасида Ҳудудий сайлов комиссиясига сайлов участкаларини тузиш, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилиш, сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилиш ваколати юклатилган, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёржон Расулов. – Шундан келиб чиқиб, босма оммавий ахборот воситаларида ушбу маълумотлар белгиланган тартиб ва муддатда эълон қилинади.
Сайлов участкалари учун аҳолига қулай бинолар танлаб олинган бўлиб, уларнинг 664 таси умумтаълим мактабларида, 56 таси касб-ҳунар коллежлари, лицей ва техникумларда, 11 таси олий таълим муассасаларида, 34 таси маданият ва спорт иншоотларида, 7 таси ҳарбий қисмларда, 6 таси адлия ва давлат хизматлари марказларида, 63 таси тиббиёт ва дам олиш масканлари, санаторияларда, 32 таси тадбиркорлик субъектларида, 23 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 42 таси бошқа биноларда жойлашган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари