Мамлакатимизда сўнгги йилларда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой, маиший турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида туман, шаҳар Давлат хизматлари марказлари ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқаролардан ипотека кредитига Давлат субсидиясини олиш бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатлар марказлар томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида” ги Низомда белгиланган тартибда туман, шаҳарларнинг субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича Комиссияларга юборилиб, мурожаатлар белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди.
Якунланган 2021 йилда вилоятда 8 минг 643 нафар фуқаро субсидия асосида уй-жой олиш учун ариза билан мурожаат қилган бўлиб, шундан 3 минг 665 нафарига ижобий хулоса берилган. Улар уй-жой сотиб олган. Қолган 4 минг 377 нафар фуқаронинг аризаси белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилган. Бироқ, етарли балл тўпланмаганлиги учун уларга рад жавоби берилган.
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига асосан 2022 йилда Андижон вилояти бўйича 3 мингта кўп квартирали хонадон, 500 та якка тартибдаги уй-жойга ипотека кредити ажратилиши кўзда тутилган.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА