Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 20 июндаги 1299- сонли қарорига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 28 июнь куни бошланиб, 5 июль куни якунланиши белгиланган.
Қонунчилигимизда белгиланган ана шу тартибдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2- Андижон округи тасарруфидаги сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
– Сайлов участкамизга ҳудудимиздаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи хизмат сафарига, саёҳатга ёки даволанишга кетаётганлиги туфайли сайлов куни овоз бериш имконига эга бўлмаган 50 нафардан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз бериш бўйича мурожаат қилди, – дейди Андижон шаҳридаги 50- участка сайлов комиссияси раиси Нортожихон Эралиева. – Уларга муддатидан олдин овоз бериш ҳақида тушунчалар берилди ҳамда қонун доирасида овоз беришлари учун зарур шароитлар яратилди.
[gallery-12592]
– Даволаниш учун қўшни вилоятга сиҳатгоҳга кетаётганлигим сабабли сайлов куни овоз беришда иштирок эта олмайман, – дейди Андижон шаҳридаги Маърифат маҳалласида яшовчи Раънохон Муҳаммедова. – Ўзим яшайдиган ҳудуддаги 50- сайлов участкасига келиб комиссия аъзоларига мурожаат қилдим, улар менга қонунлар доирасида муддатидан олдин овоз бериш имконини яратиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2- Андижон округ сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йил 4 июлга қадар вилоятдаги сайлов участкаларида 11 минг 622 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА