Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилояти: туризм, имконият ва имтиёзлар
17:55 / 2022-09-28

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

Андижон вилоятида ҳам вазифалар ижроси доирасида туризмни янада ривожлантириш, янги туристик масканлар барпо этиш, туризм зоналари ҳамда туристик йўналишларни ташкил этиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Туризм соҳасида олиб борилаётган ишлар натижасида ҳозирга қадар вилоятга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 70 минг нафардан, маҳаллий сайёҳлар сони эса 655 минг нафардан ортди. Умуман, йил якуни билан мазкур кўрсаткичларни мос равишда 90 минг ва 922 минг нафарга етказиш белгиланган.

Транспорт логистикаси туризмни ривожлантиришда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис, Хитой давлатидан 80 дона замонавий автобус, 25 дона микроавтобус олиб келинди. Улар асосан туризм йўналишларига мос қатнамоқда. Бундан ташқари, жорий йил 10 сентябрдан Андижондан Ўш шаҳрига доимий микроавтобус қатнови йўлга қўйилди. Бу албатта, сайёҳлар оқимини янада ошишига хизмат қилади. Қирғизистон Республикасининг туроператорлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Қўшни давлатдан келаётган туристлар Андижонда дам олиб, кейин Самарқанд, Бухоро, Хоразм сингари юртимизнинг тарихий шаҳарларига боришга катта қизиқиш билдирмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса, видеоселекторда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Андижондан юртимизнинг тарихий шаҳарларига доимий поезд қатновлари йўлга қўйилди. Андижондаги Бобур номли халқаро аэропортдан “Андижон – Самарқанд – Андижон” йўналиши бўйича парвоз йўлга қўйилди.

Президентимиз томонидан ўтказилган аввалги йиғилишларда Андижон вилоятида меҳмонхона ўринлари сони талабга нисбатан камлиги айтиб ўтилган эди. Шундан келиб чиқиб апрель-сентябрь ойларида бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 204 ўринга мўлжалланган 1 та меҳмонхона, 300 ўринли 33 та оилавий меҳмон уйи ҳамда 271 ўринли 6 та хостел барпо этилди. Бугунги кунга келиб вилоятда бир вақтнинг ўзида 2,5 мингта меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга 113 та жойлаштириш маскани фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 4 та йирик меҳмонхоналарда сузиш ҳавзалари, сауна ва соғломлаштириш марказлари ташкил этилган. Ички туризмни ривожлантириш бўйича маҳалла, корхона ва ташкилотлар кесимида алоҳида режа-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Андижон тажрибаси сифатида ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилган ҳамда пиёда юришни кенг оммалаштирган намунали маҳалла раислари ва фаолларини Самарқанд, Бухоро вилоятларига саёҳатга юбориш йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар 3 мингдан ортиқ маҳалла фаоллари саёҳатга борди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Умуман, йил бошидан буён вилоятдаги ташкилот ва корхоналар ходимларининг режа асосида мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди, ҳозирги кунга қадар 30 минг нафар ишчи-ходим саёҳатда бўлиб қайтди. Ички туризмни ривожлантириш доирасида Кегейли туманининг 200 нафардан ортиқ аёллари, 100 га яқин нуронийлари, шунингдек, “Ёшлар форуми” доирасида 500 нафардан зиёд кегейлилик ёшларнинг вилоятга саёҳати ташкил этилди.

[gallery-8952]

Вилоятда янги-янги туристик йўналишлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар бир туман, шаҳар доирасида ўзига хос туризм объектлари ва йўналишлари ташкил этилмоқда. Сайёҳларнинг вақти ва саёҳат мақсадларидан келиб чиққан ҳолда “кичик ҳалқа” ва “катта ҳалқа” туризм йўналишлари ишлаб чиқилди.

Масалан, кичик ҳалқа йўналиши доирасида сайёҳлар Андижон шаҳридаги Боғи Бобур истироҳат боғи, эко парк, туну-кун фаолият юритувчи туризм кўчаси, “Наврўз”, “Ўзбегим”, муз саройи сингари кўнгилочар масканлар, ҳунармандчилик-темирчилик кўчаси, Бобур уй-музейи, “Қалъа” ёдгорлиги, “Жоме” меъморий мажмуаси, “Аҳмадбек ҳожи” меҳмонхонаси, “Мирпўстин ота” зиёратгоҳи билан яқиндан танишишлари мумкин. Вилоятда эко ва агро туризм йўналишлари ривожланмоқда. Жумладан, экотуризмни ривожлантириш мақсадида Шаҳрихонсой каналининг Хўжаобод, Шаҳрихон, Асака ва Бўстон туманлари ҳудудидан ўтувчи 5,5 километр қисми 114 та лотларга бўлиниб, дам олиш масканлари барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб уларнинг 20 таси фойдаланишга топширилди.

Бўстон туманидаги Ўрмон хўжалигига тегишли 6,5 гектар ер майдони экотуризмни ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга меҳмон уйи, ўтов ва табиий чўмилиш жойларини қуриш учун ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Этнотуризм йўналиши бўйича Хўжаобод туманидаги Имом ота қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилмоқда. Қишлоқни ободонлаштириш, туристик объектлар барпо этиш, инфратузилмасини яхшилаш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 30 та оилавий меҳмон уйлари, 1 та хостел ва 50 та хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилди.

Айниқса, Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантириш, Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Лайф Хонобод” инвестиция ва туристик лойиҳаси доирасида 1-босқичда "Вотер Лайф Минерал" масъулияти чекланган жамияти томонидан қадоқланган минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Иккинчи босқичда эса ушбу объектда умумий лойиҳа қиймати 10 миллион долларга тенг 50 ўринли меҳмонхона ва аквапарк қурилиши бўйича лойиҳалар тайёрланган. Айни пайтда Хонобод шаҳридаги “Фозилмон ота” зиёратгоҳида сайёҳ ва зиёратчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шароитлар яратилган. Бундан ташқари, Кампирровот маҳалласида 66 гектар майдонда “Сунъий кўл”, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, шунингдек, оилавий меҳмон уйи, экотуристик масканлар барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ана шу ишлар амалга оширилиши билан келгусида Хонободда йилига 1,8 миллион нафар сайёҳнинг дам олиши учун имконият яратилади. Бундан ташқари, Хонобод шаҳрининг Кампирровот, Янги ҳаёт, Анҳор, Хонтоғ маҳаллалари туризм ҳудудлар сифатида танлаб олинди. Ушбу ҳудудларнинг инфратузилма ва коммуникация объектларини таъмирлаш ва янгилаш бўйича техник шартлар тайёрланди. Вилоятда ички туризмни ривожлантириш мақсадида республика миқёсида турли фестиваль ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойида вилоятнинг ўзига хос брендига айланган “Андижон полкаси” рақсининг 100 йиллиги ҳамда халқ рақс ансамбли ташкил этилганлигининг 65 йиллиги кенг нишонланди. Жорий йилда экотуризмни ривожлантириш бўйича Хонобод шаҳрида I Халқаро экотуризм форумини ўтказиш, 2023 йил апрель ойида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъат фестивали ташкил этиш режалаштирилган.

Туризмнинг ривожланиши кўп жиҳатдан мазкур соҳада фаолият юритувчи мутахассисларнинг малакасига боғлиқ. Шу маънода малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Андижон давлат университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида бакалавриат йўналишида туризм таълим йўналишлари очилди. Айни кунда ушбу олийгоҳларда 250 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, Белорусь давлати Полоцк давлат университети билан туризм йўналишида қўшма таълим дастури ташкил этилган. Унда 21 нафар талаба ўқимоқда. Умуман, бугунги кунда Андижон вилоятида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини беради. Жумладан, 2023 йилда вилоятга келувчи хорижлик туристлар сонини 110 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини 1,1 миллион нафарга, туризм хизматлари экспорти ҳажмини 23,3 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун эса вилоятда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли. Фақатгина ундан самарали фойдаланилса кўзланган мақсадга албатта, эришилади.

Азизбек Максумов,

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари,

Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи.

ЎзА