Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилояти: Хўжаобод янада обод бўлади
07:40 / 2022-06-10

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга обод бўлмоқда. Янги-янги уй-жойлар, боғча, мактаб, стадионлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, қишлоғу шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшмоқда.

Бу албатта, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик, иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Хўжаобод туманида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун туманда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида туманимизда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, – дейди Хўжаобод тумани ҳокими Ўткирбек Шукуров. – Умуман, жорий йилда дастурлар доирасида Тош ота ва Гарагури маҳаллаларида умумий қиймати 19 миллиард 263 миллион сўмдан зиёд ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.

[gallery-7518]

Дастур доирасида маҳаллаларда 10,4 километр узунликдаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, 2 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш, 16,2 километр узунликдаги сув тармоғини тортиш, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 3 та трансформатор ўрнатиш, 12,7 километр электр тармоғини тортиш, газ таъминотини яхшилаш бўйича 1 та газ тақсимлаш пунктини таъмирлаш, 0,5 километр узунликдаги янги газ тармоғини тортиш, аҳолига 200 та суюлтирилган газ баллони етказиб берилиши, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари – битта мактаб ва битта оилавий поликлиникада 3,2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Айни кунда белгиланган ана шу ишлар жадал олиб борилмоқда. Уларни бажаришда қурувчилар, йўлсозлар ва бошқа соҳалар мутахассислари жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқда.

Туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Тош ота маҳалласида айни кунда 845 та оила таркибида 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги мавжуд тўртта – Зиёратгоҳ, Биларма, Чашма ва Юқори Имомота кўчаларида дастур доирасидаги ишлар қизғин давом этмоқда.

– Маҳалламизда йигирмага яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, иккита нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 1 та умумтаълим мактаби, 1 та махсус-ёрдамчи мактаб фаолият юритади, – дейди Тош ота маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмадулло Шокиров. – Бугунги кунда “Обод қишлоқ” давлат дастури, қолаверса, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар жадал олиб борилмоқда.

Маҳалладаги Зиёратгоҳ кўчасининг 1,1 километр қисмига бетон қопламаси ёткизилди. Биларма кўчаси эса шағалланди. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида 1,2 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланди, 25 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди, 0,5 километр сув тармоғи тортилди.

– Кўчамиз қишда лой, ёзда чанг, тупроқ бўлар эди, – дейди маҳалланинг Зиёратгоҳ кўчасида яшовчи Нурмуҳаммад Ҳакимов. – “Обод қишлоқ” дастури доирасида кўчамиз бетонланди, ичимлик сув тармоғи тортилмоқда. Айниқса, кўчамиздаги ёғочли симёғочлар бетонлисига алмаштирилиб, янги симлар тортилганидан жуда хурсандмиз. Аввалари совуқ тушиши билан ёки ёмғир, қор ёғса, уйимизда кўп вақт чироқ бўлмас эди. Насиб этса, энди ундай кунларни кўрмаймиз.

Бундан ташқари, дастурлар доирасида 2 та маҳаллада жами 0,5 километр пиёдалар йўлакчасини барпо этиш, 4 километр ирригация тизимини қуриш, кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатиш, 15 та чиқиндихона қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш мақсадида 2 та маҳаллага жами 7,5 километр алоқа тармоғини тортиш, уй-жой фондини ривожлантириш бўйича 317 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш кўзда тутилган.

Айни кунда Тош ота маҳалласида 0,5 километрли пиёдалар йўлакчаси қурилди, 6,2 километр узунликдаги алоқа симлари ётқизилмоқда, 22 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди.

Тош ота маҳалласида “Имомота” зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, ҳар йили бу ерга республикамизнинг турли вилоятлари, қўшни Қирғизистондан минглаб зиёратчилар келиб, дам олиб кетади.

Зиёратгоҳда 2018-2019 йилларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, асосий бинолари замонавий ҳамда миллий меъморчилик анъаналари асосида бутунлай янгича қиёфа касб этган. Ҳозирда зиёратчилар учун зарур барча шароитлар яратилган, иккита меҳмонхона ишлаб турибди.

Зиёратчи ва меҳмонларга янада қулайлик яратиш мақсадида ўндан ортиқ меҳмон уйлари барпо этилиб, ишга туширилди.

– Зиёратгоҳга бир йилда тахминан 25-30 минг нафар зиёратчи ташриф буюради, – дейди тадбиркор Жасурбек Турсунов. – Меҳмонларга қулайликлар яратиш учун учта меҳмон уй барпо этганман. Ошхона, бассейн, иссиқ-совуқ сув, теннис, биллиард столи ва бошқа зарур барча жиҳозлар мавжуд, қўйингки, барча шароитлар яратилган.

Шу кунларда маҳалла ҳудудига тўйхона, ҳаммом қуриш режалаштирилмоқда.

Маҳаллада ким билан суҳбатлашмайлик, “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлардан мамнунлигига гувоҳ бўлдик.

– Ёшим саксондан ошди, – дейди маҳалланинг Зиёратгоҳ кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Ўсарбек Жўраев. – Очиғи, маҳалламиздаги, ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини кузатиб, беихтиёр қалбим фахр-ифтихорга тўлади. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Бу ишларни авваллари хоҳласак ҳам қила олмаганмиз. Қисқа муддатда барпо этилаётган бир-биридан чиройли биноларни кўриб, шу кунларга етказганига шукр қиламан. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин, мана шундай хайрли ишлар бошида турган раҳбарларимиз омон бўлсин.

Хўжаобод туманида, хусусан, Тош ота ва Гарагура маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар давом этмоқда. Бу ишлар албатта, юртимиз ривожига, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилади.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),

ЎзА