Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилояти: болалар оромгоҳлари мавсумга шайми? (+видео)
12:29 / 2023-06-02

Андижон вилоятидаги 14 болалар оромгоҳида жорий мавсумда 4 сменада 9 минг 100 нафар боланинг дам олиши белгиланган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, Мактабгача ва мактаб таълими,  соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида 2023 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи вилоятдаги болалар оромгоҳлари раҳбарлари, ҳисобчилари, спорт йўриқчилари, етакчи тарбиячилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида Андижон туманидаги “Боғишамол” болалар оромгоҳида ўтказилган ўқув-семинарда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавсумни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.  

Семинарда мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларни соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, оромгоҳларни ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармонлар билан таъминланиши, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан фикр алмашилди. 

 – Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши раиси Қодиржон Парпиев. – Жорий мавсумда вилоятда шаҳар четида жойлашган 14 оромгоҳда 9 минг 100 нафар, мактаблар қошида ташкил этиладиган 45оромгоҳда 13 минг 350 нафар  боланинг дам олиши режалаштирилган. Айни кунда оромгоҳларда болаларни қабул қилиш бўйича тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.  

Оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимларини жалб этилиши, оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузилганлиги, маҳсулотларнинг сифатли сақланишини таъминлаш борасида ҳам мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.  

Мутахассислар томонидан оромгоҳларда иштирокчиларга санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ва режали ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар захирасини яратиш, масъул шахсларнинг билим ва малакаларини бойитиш, самарали иш олиб боришлари бўйича кенг маълумотлар берилди.  

– Оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади, – дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими бошлиғи Шаҳноза Ҳакимова. – Шунингдек, озиқ-овқатлар сифатига, болаларга берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгиланган.  

Семинарда оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, мутасаддиларга Ёшлар ишлари агентлиги, таълим муассасалари, маданият ва спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва  фанлар бўйича тўгараклар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.    

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QJ9E0JY1kC8" title="Андижон вилояти: болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА