Ўзбекистон Республиккаси Вазирлар Маҳкамаси “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, жорий 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ташкил этилади.
Мазкур қарор билан:
Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;
Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Фестивалнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
тасвирий санъат соҳасидаги ижодкорларни, энг аввало, ёш истеъдодларни халқимизнинг бой маънавий дунёси, озод ва обод Ватан келажаги олдидаги масъулият, миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга рағбатлантирувчи муҳит яратиш;
соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали ижодкорлар, истеъдодли рассомларни аниқлаш, уларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириб бориш;
замонавий ўзбек тасвирий санъатига кириб келаётган ёш истеъдод эгалари, турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорларнинг жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилишларини қўллаб-қувватлаш;
ўзбек тасвирий санъатининг турли йўналишларини янада ривожлантириш, халқимизнинг ушбу нафис санъатга бўлган эстетик эҳтиёжини қондириш, кенг йўналишда фаолият олиб бораётган ижодкорларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, бадиий салоҳиятини ошириш;
халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий санъатимизнинг ўзига хос жиҳғатларини халқаро ҳамжамиятга намойиш қилиш, янги тенденциялар, замонавий санъатда янги номлар ва турли йўналишлар интеграциясини амалга ошириш.
ЎзА