Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон вилояти: амалий ишлар самаралари ўрганилди
14:54 / 2022-06-17

Андижонда маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан пресс-тур ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Маҳаллабай ишлар ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда журналист ва блогерлар жойларда маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Андижон шаҳридаги "Dinar Group" масъулияти чекланган жамияти трикотаж корхонасида бўлди. Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов ОАВ вакилларига мавзу бўйича ахборот берди. 

– Айни кунда вилоятдаги 888 та маҳалла фуқаролар йиғинида Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари самарали фаолият юритмоқда, – дейди М.Нишонов. – Ҳоким ёрдамчилари томонидан бугунги кунга қадар 110 минг 119 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминланди. Жумладан, деҳқончилик қилиш истагидаги 42 минг нафар фуқарога 10 сотихдан ер ажратиб берилиб, ушбу майдонларда “бир контур бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, картошка ва дуккакли экинлар етиштирилмоқда. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида эса ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 322 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 14 минг 39 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, уларнинг ташаббуси билан 1 минг 669 та кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилиб, 13 минг 400 та янги иш ўрни яратилди. 

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари "Dinar Group" корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида энг замонавий технологиялар асосида ташкил этилган мазкур корхонада 800 нафардан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Йилига 20 миллион доллар қийматдаги маҳсулот экспорт қилиш қувватига эга корхонада аёллар учун 20 дан ортиқ турдаги либослар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар юз фоиз экспорт қилинмоқда. Андижон шаҳри маҳаллаларидаги кўплаб ишсиз хотин-қизлар корхонага ишга жойлашиб, доимий даромад манбаига эга бўлган.

Пресс-тур қатнашчилари Шаҳрихон тумани марказида жойлашган Ҳунармандлар марказида бўлиб, бу ерда ҳунармандлар томонидан ташкил этилган кўргазмаларни кўздан кечирди. Тумандаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш олиб бораётган Гулнорахон Аҳмедова  фаолияти, унинг ташаббуси билан аҳоли хонадонларида тадбиркорлик, ҳунармандликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар  билан танишди.  

Андижонлик маҳалласида яшовчи ҳунарманд Ёрқиной Тўйчиева ўз хонадонида дўппидўзлик билан шуғулланади. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида маҳалла ёшларига ҳунар ўргатиб келмоқда. Ҳунар ўрганган 20 нафардан зиёд аёллар шу ернинг ўзида меҳнат қилмоқда. Ушбу хонадонда тайёрланаётган турли, бежирим дўппилар нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган бозорларида ҳам сотилмоқда. Энг асосийси, бу ерда ишлаётган опа-сингилларимиз шу иш ортидан яхшигина даромад топмоқда.

[gallery-7611]

Пресс-тур қатнашчилари Асака туманидаги “Асакатекстиль” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ип-йигирув, мато бўяш, трикотаж ва сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Айни кунда 1 минг 200 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган мазкур корхонада ўтган йили Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига 8,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 36 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Шундан сўнг Асака тумани Чек маҳалласида “Сабо Ҳамкор” МЧЖ томонидан “Net House” усулида қурилаётган иссиқхона билан танишилди. Майдони 111 гектар бўлган мазкур иссиқхонада йилига 400 минг тонна маҳсулот етиштирилади ва маҳсулотнинг 90 фоизи европа давлатларига экспорт қилинади. Иссиқхона ишга тушиши билан 500 нафардан зиёд киши доимий иш ўрнига эга бўлади, яна 500 нафардан зиёд киши мавсумий ишларга жалб этилади.

Туманнинг Бахрин маҳалласида “Водий муруввати” масъулияти чекланган жамияти томонидан аҳоли хонадонларида жўжа ва товуқ боқишни йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди. Пресс-тур қатнашчилари Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласидаги "Эркин Воҳидов" номидаги шахмат мактаби ҳамда “Келажак нури” МЧЖ томонидан ташкил этилган замонавий кутубхона фаолияти, шунингдек, халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф хонадонида ташкил этилган уй-музейи билан танишди. 

Марҳамат туманининг Қўшчи маҳалласида "Буюк маскан" МЧЖ томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳамда Туркия технологияси усулида қурилган болалар боғи фаолияти  иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу куни пресс-тур қатнашчилари Андижон шаҳрининг Миллий тикланиш кўчасида ташкил этилган 24/7 режимида туну-кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчаси билан танишди. Узунлиги қарийб 1 километр бўлган ушбу кўчада 66 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб 165 та янги иш ўрни яратилган. Бу ерда бир ойда 5-7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатиш имконияти яратилган.

Пресс-тур давом этмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, 
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА