Андижон давлат университети профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Россия Федерациясининг Миллий тадқиқот Томск давлат университетида бўлиб қайтди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, 1878 йилда асос солинган Томск давлат университети Россиянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Университет Россиядаги 5 та 100 дастурига кўра кучли 7 таликка кирган. ҚС жаҳон университетларининг 2022 йилги рейтингида эса 274-ўринда қайд этилган.
Андижон давлат университети раҳбарияти томонидан, Россия Федерациясининг Томск давлат университети билан ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, 2023-2025 йилларда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар бўйича “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш ва имзолаш, қўшма таълим дастури доирасида Томск давлат университетида таҳсил олаётган юртимиз талабалари билан учрашув ўтказиш, икки олий таълим муассасаси олимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилган сафар муваффақиятли ўтди.
[gallery-13541]
Андижон давлат университети Матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, дастлаб Андижон делегацияси Томск давлат университетининг 145 йиллигига бағишланган “Замонавий шароитда барқарорлик сиёсати, кўпвекторли ёндашув ва технологик суверенитет” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди. МДҲ давлатларидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг ректорлари, проректорлари, профессор-ўқитувчилари, қатнашган тадбирда Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев маъруза қилди.
Шундан сўнг АДУ ректори Акрамжон Юлдашев “Ўзбекистон Республикаси сув ҳавзаларида микропласт: муаммо ва ечимлар” лойиҳаси доирасида Томск давлат университетида ҳамкорликда илмий-тадқиқот олиб бораётган ҳар икки университет олимлари, докторант ва тадқиқотчилари билан учрашди. Учрашув давомида тадқиқотнинг амалий аҳамияти, экологик ҳолатни яхшилашдаги ўрни хусусида сўз юритилди.
Сафарнинг иккинчи кунида Андижон давлат университети делегацияси Миллий тадқиқот Томск давлат университети ректори, профессор Эдуард Галажинский билан учрашди. Учрашувда университетлар ўртасида академик ҳамда илмий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим сифатини оширишга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ўртасида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалари, қўшма таълим дастуридаги талабаларининг ўқув жараёнларидаги иштироки юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Андижон давлат университети ҳамда Томск давлат университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича 2023 – 2025 йилларга мўлжалланган йўл харитаси имзоланди.
Шундан сўнг, АДУ делегацияси икки йил Андижон давлат университетида ўқиб, таҳсилни Томскда давом эттираётган Бизнес бошқаруви ҳамда Архившунослик ва ҳужжатшунослик таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашилди, ўзбекистонлик талабаларга яратилган шароитлар билан танишилди. Талабаларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммолари эшитилди.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири