Андижон мамлакатимиз ва туркий дунёнинг муҳим маданият марказларидан бири сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамламоқда. 2026 йилда Туркий дунёнинг маданияти пойтахти мақоми доирасидаги тадбирларни амалга оширишга тайёргарлик кўриш Андижон вилоятини ривожлантириш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раевнинг Андижонга ташрифи доирасида қатор тадбирлар ташкил этилди. Дастлаб меҳмонлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамроҳлигида бу заминнинг маънавий мероси ва маданий давомийлиги рамзи бўлган Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокимлигида учрашув ўтказилди. Унда 2026 йилги кенг кўламли ҳаракатлар режаси келишиб олинди. Ҳужжатда Ўзбекистонда, ТУРКСОЙ га аъзо давлатлар ва бошқа хорижий мамлакатларда маданий, илмий ва маърифий лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Туркий халқлар ўртасида маданий дипломатияни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва бирдамликни ривожлантириш ҳамда халқаро миқёсда Андижоннинг маданий салоҳиятини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Мазкур ҳамкорлик доирасида амалга ошириладиган ташаббуслар туркий дунёнинг маданий бирлигини янада мустаҳкамлаб, халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинликни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман, - дейди маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Бугунги кунда Андижон вилоятида кўплаб маданият ва санъат муассасалари муваффақиятли фаолият юритмоқда. 3 та театр, Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби, ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернати, 29 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Ўзбекистон Давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” ва Ўзбек миллий мақом санъати марказининг вилоят бўлимлари, 13 та филиалига эга кўзи ожизлар кутубхонаси, 16 та шаҳар ва туман маданият марказлари, 71 та маданият марказлари ва 4 та маданият ва истироҳат боғлари шулар жумласидандир. Болалар мактабларида 14 та йўналиш бўйича 7519 та ўқувчи таҳсил олаётгани ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир.
Эслатиб ўтамиз, ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг қарорига кўра, ҳар йили туркий тилли давлатлардан бири туркий оламнинг маданий пойтахти деб эълон қилинади. Бундай мақомга эга шаҳарда ва ҳамкор мамлакатларда йил давомида миллий маданиятни тарғиб этиш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган фестивал ва кўргазмалар, илмий анжуман ва учрашувлар ўтказилади. Андижонга бундай мақомнинг берилиши маданий мулоқотни кенгайтиришда ва туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам, шунингдек, ҳудуднинг сайёҳлик ва инвестициявий салоҳиятини оширишга қаратилган қўшимча туртки бўлади, деб қаралмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9ZAQdeU1SAY" title="Andijon turkiy dunyoning madaniy poytaxti maqomini mustahkamlamoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Азиза Алимова, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА