Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди.
Мулоқот давомида туркий халқларнинг тарихий илдизлари, маънавий ва маданий муштараклигига таянилган ҳолда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, умумтуркий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.
Хусусан, ТУРКСОЙ Бош котибияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 2026 йилда Андижон шаҳрида ўтказиладиган “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” тадбирларига тайёргарлик доирасида амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилиб, ушбу режа бўйича келишувга эришилди.
[gallery-27555]
Режада маданий дипломатияни кучайтириш, туркий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Андижон шаҳрининг халқаро нуфузини ошириш ҳамда уни туркий дунёнинг муҳим маданий марказларидан бирига айлантиришга қаратилган кенг кўламли тадбирларни ташкил этиш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди.
Учрашув якунлари бўйича Султон Раев, Озодбек Назарбеков ва Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида жорий йилда Андижон вилоятида қатор йирик маданий тадбирлар – рассомлар фестивали, халқаро театр фестивали, Туркий дунё музейлари учрашувини ташкил этиш, шунингдек, “Андижон полкаси” рақсини номоддий маданий мерос намунаси сифатида халқаро рўйхатга киритиш бўйича режалар хусусида маълумот берилди.
– Андижонга ҳар қанча гўзал таърифлар айтсак ярашади, – деди Турксой Бош котиби Султон Раев. – Жорий йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” тадбирларининг айнан Андижондан бошланиши ҳам барчамизга катта хурсандчилик бағишлайди. Ишонаманки, Андижон бу номга муносиб бўла олади.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WnQ-TBhvu24" title="Andijon turk dunyosining madaniy poytaxti degan nomga munosib bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари