Андижон вилоятидаги 107 гектар майдонни қамраб олган “Ширмонбулоқ” туризм маскани ҳудудида замонавий лойиҳалар асосида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимиз Андижонга ташрифи чоғида вилоятнинг бой табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш, аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий дам олиш масканларини яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирда “Ширмонбулоқ” ҳудудида амалий ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида дам олувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида меҳмон уйлари (дачалар) ва аквапарк қурилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тўлиқ янгиланмоқда, 5,5 километр узунликдаги ички йўллар асфальтланмоқда, электр ва сув таъминоти тизимлари модернизация қилинмоқда.
[gallery-25977]
Ҳудудда иккита кўтармали насос станцияси ва бир километр босимли қувур тармоқлари қурилаётгани, йўл четларига лотоклар ўрнатиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Шунингдек, сув ҳавзаси, дам олиш ва соғломлаштириш санаторияси қурилиши ҳам босқичма-босқич давом этмоқда. Барча ишлар экологик талаблар ва ҳудуднинг табиий манзарасига мос равишда ташкил этилмоқда.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг “Ширмонбулоқ” маскани нафақат андижонликлар, балки мамлакатимиз ва хорижий сайёҳлар учун ҳам жозибали дам олиш ва саёҳат марказига айланиши кутилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари