Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон туманида барпо этилаётган метални қайта ишлаш корхонасининг қурилиши жараёни билан танишди.
Бугунги кунда Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида, чекка-чекка ҳудудларида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, янги ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Андижон тумани Терактаги маҳалласи ҳудудида "FERAN STAL" масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган метални қайта ишлаш корхонаси ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
Умумий лойиҳа қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида 6 гектар майдонда қурилаётган мазкур корхонада метални қайта ишлаш ҳисобига йилига 1,5 триллион сўмик 150 тонна импорт ўрнини босувчи уголок, швеллер, арматура, катанка сингари маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
- Ҳозирда қурилиш учун зарур ушбу маҳсулотлар Андижонга асосан хориждан ҳамда республикамиизнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинмоқда, - дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. - Ушбу йирик завод ишга тушиши билан вилоятдаги ана шу маҳсулотларга бўлган талабнинг асосий қисми қопланади. Энг асосийси, маҳсулотлар таннархи бирмунча арзонлашади.
Айни кунда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган метални қайта ишлаш корхонасининг ишга тушиши билан 2 минг нафардан зиёд фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА