Андижон тиббиёт муассасаларида кислород етказиб бериладиган захира ўринлари яратилмоқда
Андижонда СОVID-19га қарши кураш доирасида тиббиёт муассасаларида қўшимча 2 мингта захира ўринлари яратилмоқда.
Андижонда СОVID-19га қарши кураш доирасида тиббиёт муассасаларида қўшимча 2 мингта захира ўринлари яратилмоқда. Улар давлат, хусусий клиникаларида ташкил этилади. Бўлажак палаталарга тиббий кислород етказиб бериш масаласини ҳозирданоқ ҳал этишга киришилган.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов мазкур масала муҳокамасига бағишлаб Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида йиғилиш ўтказди.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида клиникада республикамизда ягона бўлган тиббий кислород ишлаб чиқариш мини-заводи ишга туширилган эди. 130 минг евро қийматидаги мини-завод Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва GIZнинг «Ўзбекистонда пешқадам тиббий технологияларни бошқариш» лойиҳаси асосида барпо қилинган.
– Коронавирус хасталигига чалинганларда пневмония аломатлари кўпроқ кузатилмоқда, - дейди АДТИ ректори Мадамин Мадазимов. – Шу сабабли захира ўринларга кислород етказиб бериладиган бўлса, муолажалар самараси ортади.
Вилоят ҳокими кислород цехлари учун ускуналар келтиришни ўз зиммасига олган ҳолда бемор ўринлари яратиладиган муассасаларда палаталарга уланиш учун керакли тиббий-коммуникация тармоқларини тортиш вазифасини тадбиркорлар ва ўша муассаса раҳбарларига топширди.
–Ҳозирда бизнинг мини-заводимиз 36 та реанимация ўринларига кислород етказиб беради, - дейди АДТИ клиникаси бош шифокори Баҳодир Раҳмонов. – Зарур коммуникация тармоқлари тортилса, бу рақам 700 тага етказилиши мумкин.