Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон тиббиёт институти Росток университети билан ҳамкорлик қилади
13:35 / 2019-11-18

Германиянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланган Росток университети Андижон тиббиёт институти “Тиббиёт биотехнологияси” ихтисослиги бўйича магистратура йўналишида қўшма таълим дастури ташкил этиш борасидаги шартномани имзолади.


Германиянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланган Росток университети Андижон тиббиёт институти “Тиббиёт биотехнологияси” ихтисослиги бўйича магистратура йўналишида қўшма таълим дастури ташкил этиш борасидаги шартномани имзолади.

Бу келишувга Росток университетининг 600 йиллик юбилейи тантаналари доирасида ташкил этилган учрашувларда эришилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди

Андижон тиббиёт институти ва Росток университети ректорлари томонидан имзоланган мазкур шартномага биноан 2020-2021 ўқув йилидан эътиборан танлаб олинган иқтидорли ўзбекистонлик талабалар ушбу ихтисослик бўйича магистратура йўналишида ўқишларини бошлайди. Таълим жараёни амалиёт билан боғлиқ ҳолда Андижон тиббиёт институти ҳамда Росток университетларида олиб борилади. Талабалар ўқишлари якунида ўзбек дипломидан ташқари Европа стандартларига мос немис дипломини ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Дарҳақиқат, 1419 йилда ташкил топган Росток университети Шимолий Европадаги кўп йиллик тарихга эга таълим муассасаси саналади. Университетда турли даврлардан кўплаб давлат ва жамоатчилик арбоблари, таниқли олимлар таҳсил олишган. Бугунги кунда университетдаги мавжуд 9 факультетида 14 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётир. Таъкидлаш жоизки, XV асрда барпоэтилган бошқа немис олий ўқув юртларидан фарқли ўлароқ Росток университети ташкил топган йилдан эътиборан Тиббиёт факультетига эгадир. Шу боисдан ҳам ўтган давр мобайнида ушбу таълим муассасасида тиббиёт соҳасида таниқли олимлар етишиб чиққан.

Андижон тиббиёт институти Росток университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганига ҳали бир йил тўлмаган бўлсада, икки томонлама алоқаларда сезиларли қадамлар қўйилди. Жумладан, шу йилнинг май ойида Росток университети Тиббиёт факультетининг режалаштириш ва бюджет масалалари бўйича декан ўринбосари, Ядро медицинаси клиникаси директори профессор Н. Краузе ва Жароҳлик клиникаси бўлими раҳбари профессор Р. Ортердан иборат делегация Андижонда бўлишди. Ташриф доирасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиб, делегация аъзолари томонидан Андижон тиббиёт институти ўқитувчи ва талабаларига маърухзалар ўқилди.

photo5359284046653402104.jpg

Росток университети ректори профессор В.Шарек меҳмонларни университет музейи билан таништирди.

– Университетимизнинг 600 йиллик юбилейида барча ҳамкорларимиз қатори Андижон тиббиёт институти делегациясининг ҳам иштирок этаётгани бизни беҳад қувонтирди, – дейди Росток университети ректор и профессор В.Шарек. – Яқинда бизнинг делегациямиз илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди ва мамлакатингиз билан яқиндан танишиб, жуда катта таассуротлар билан қайтишди. Биз Андижон тиббиёт институти билан алоқаларимизни янада кучайтиришга тайёрмиз.

Андижон тиббиёт институти делегацияси ташрифи доирасида университетнинг кўп тармоқли клиникасида эндохирургия, қон томир хирургияси, жигар хирургияси ҳамда трансплантология бўйича амалга оширилаётган янги даволаш технологиялари билан танишди. Ўтказилган музокараларда ҳар иккала олийгоҳлар ўртасидаги ўқув-услубий, илмий, даволаш ишлари, академик ва талабалар мобиллиги каби масалалар муҳокама этилиб, келгусида ҳамкорликда онкология ва урология йўналишларида лойиҳалар тайёрлашга ҳам келишиб олинди.

Шунингдек, Андижон тиббиёт институти делегацияси томонидан Росток университетининг 600 йиллик юбилейига таклиф этган хорижлик ва маҳаллий меҳмонлари учун ўзбек миллий таоми – ош дамланди.