Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон шаҳрида “Темир дафтар”га киритилган оилалар тўлиқ камбағалликдан чиқарилди
11:22 / 2020-12-14

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтмоқда.

Унда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 2020 йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан ҳисобот берди.

Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги "Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорига асосан ҳудудларни барқарор ва жадал ривожлантириш учун уларнинг комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, табиий хомашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини, шунингдек, ҳудудларнинг бошқа қиёсий устун жиҳатларини баҳолашнинг ягона тизими жорий этилганди.

Шу жиҳатдан Андижон шаҳри “Яшил” ҳудудлар қаторига киритилиб, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда барча кўрсаткичлар бўйича юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Бунда асосан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларининг ҳиссаси юқори.

Сессияда Андижон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича айрим кўрсаткичлар маълум қилинди. Хусусан, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион 799 миллиард сўмни ташкил қилди.

Ташқи савдо айланмаси 303 миллион долларни, ўсиш сурати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,3 фоизни ташкил этди. 60,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Жорий йилда ҳунармандчилик йўналиши бўйича 411 та лойиҳа учун 12 миллиард 441 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Бунинг эвазига 484 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 1 минг 131 та лойиҳа учун 42 миллиард 453 миллион сўм кредит маблағи ажратилиб, 1 минг 389 та янги иш ўрни яратилди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича “Темир дафтар”га 9 минг 402 та камбағал оила киритилиб, ҳозирги кунда барча оилаларни тўлиқ камбағалликдан чиқарилиши таъминланди. Ушбу оилалардаги 9 минг 845 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг тўлиқ бандлиги таъминланди.

[gallery-429]

Н.Насриев, ЎзА