Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Андижон полкаси” 100 ёшда
14:05 / 2022-04-27

Андижон вилоятида “Андижон полкаси” рақс ойлиги эълон қилинди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан "Андижон полкаси" миллий рақси яратилганлигининг 100 йиллиги ҳамда “Андижон полкаси” халқ ансамбли ташкил этилганлигининг 65 йиллиги, қолаверса, ушбу рақс санъати оммавийлигини ошириш мақсадида вилоятда “Андижон полкаси” ойлиги ўтказилмоқда.

Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида таниқли мусиқачи, Ўзбекистон Халқ артисти Ориф (гармон) Тошматов томонидан яратилган рақс “Андижон полкаси” номи билан маълум ва машҳур бўлди. Андижон полкаси 2/4 (ёки 4/4) мусиқа ўлчови, одатда соф мажор тоналлиги, шўх сийрати билан ажралиб туради. Рақс бир томондан ўзбек мумтоз куйлари, иккинчи томондан бошқа халқлар фольклор куйлари намуналарига оҳангдош. “Андижон полкаси” сурнай, қўшнай, шунингдек, гармон товушқаторига хос диатоник тузилмалари, одатий шўх куй йўналишларини ўзида уйғунлаштирган. 

– Ойликни ўтказишдан кўзланган мақсад “Андижон полкаси” рақсини кенг тарғиб этиш, мазмунан янада бойитиш ва оммавийлигини ошириш, – дейди Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Сатторова. – Қолаверса, ушбу рақснинг ўзига хос жозибаси орқали ёшларда она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. 

Айни кунларда ойлик доирасида вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида миллий рақс ижроси бўйича тадбирлар, танловлар бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, жамоат транспортлари, бозорлар, авто ва темирйўл вокзаллари, маданият ва истироҳат боғлари, умуман, аҳоли гавжум бўладиган масканларда ушбу рақс оммавийлигини ошириш бўйича челенжлар, флешмоблар ўтказилмоқда. Умуман, вилоятда “Андижон полкаси” рақсининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, 
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА