French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади
16:02 / 2023-03-06

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 январдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган имтиёзларга бағишланди.

Унда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари  Шаҳзода Қўчқорова кейинги йилларда соҳада эришилаётган ютуқлар ва ўзгаришлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга боғлиқлиги ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 10 январдаги  фармони ижроси ҳам бу йўналишда берилаётган катта имкониятлар эканига асосий урғу берди.  

Бугунги кунда пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,1 бараварга ва экспорт кўрсаткичини 2,6 бараварга оширишни таъминлаш ҳамда гилам ва уй тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янги босқичга олиб чиқиш  долзарб масалалардандир.  

–Шу сабабли, ушбу фармоннинг қабул қилиниши соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга, – деди Ш.Қўчқорова. – Негаки, мазкур ҳужжат билан экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, корхоналарнинг қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш, бўш иш ўринларини тўлдириш вазифаси белгиланди. Бунда катта салоҳиятга эга бўлган гиламчилик ва уй тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилган.  

Хусусан, унда экспортни қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли ташкил этилади. Бунда экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсациялаш тартиби кенгайтирилиб, эндиликда Европа давлатларига қўшимча равишда Туркия, Марокаш, Шимолий ва Жанубий Америка, Араб давлатлари, Корея Республикаси ва Японияга тайёр маҳсулотлар билан биргаликда газлама ва трикотаж матоларга ҳам жорий қилинади. Бунинг натижасида жорий йилда 210 дан ортиқ экспортчи корхона ушбу субсидиялардан фойдаланиб, 100 миллион доллардан ортиқ экспортни амалга ошириш имконияти яратилади.  

Шунингдек, жорий йилда 10 та (Германия, Италия, Польша, Россия, Португалия, Франция, Туркия, Япония, Англия, Марокаш) давлатда Ўзбекистон тўқимачилик Хабларини ташкил этиш орқали 200 миллион долларлик экспорт амалга оширилади.  

Соҳада ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ҳам муҳим масала ҳисобланади. Шу мақсадда гиламчилик, уй текстили ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар маблағ 3 йиллик имтиёзли давр билан 4-5 фоиздан 10 йил муддатга берилади.  2024 йилда қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.  

Фармон билан йил якунига қадар Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари, Тошкент вилоятида эса индустриал технопарк ташкил этиш ҳам устувор қилиб белгиланди. Ушбу кичик саноат зоналарида умумий қиймати  

442,1 миллион долларлик 38 та лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига 9 минг 100 янги иш ўрни яратилиб, йиллик 247,5 миллион долларлик сифатли текстиль маҳсулотларини экспортга йўналтириш кўзда тутилмоқда.  

Ўз навбатида, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тайёр маҳсулотлар экспортини амалга оширган корхоналар рўйхатини шакллантириш каби ишларни амалга ошириш белгиланган бўлса, айни кунда ушбу масалаларда корхоналарга ёрдам бериш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмасида “Ягона дарча” тизими фаолияти йўлга қўйилди.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири