Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Андижон – Хонобод” йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди
15:46 / 2024-03-22

Президент топшириғи –амалда

Президентимиз жорий йил 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятда транспорт хизмати тизимини яхшилаш, аҳолига қулайликлар яратиш, хусусан, “Андижон – Хонобод” йўналишида йўловчи поезди ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди. Ана шу топшириқ ижроси доирасида Наврўз байрами арафасида мазкур поезд ҳаракатининг йўлга қўйилганлиги андижонликлар учун яна бир байрам совғаси бўлди.  

“Андижон” темирйўл вокзалидан “Андижон-Хонобод” йўналишида биринчи йўловчи поезди ҳаракатини бошлади. Байрамона кайфиятда  йўлга чиққан нуронийлар, ижодкорлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари  мазкур поезднинг илк йўловчисига айланди.  

– Андижондан Хонобод шаҳрига йўловчи поезднинг қўйилиши андижонликлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими мутахассиси Зайнобиддин Қодиров. – Ушбу поезд нафақат аҳолининг узоғини яқин қилади, балки туризм ривожланишида ҳам муҳим  аҳамият касб этади.    

Поезднинг 250 нафарга яқин илк йўловчиларининг қай бири билан суҳбатлашмайлик, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар,  улкан бунёдкорлик ишларидан беҳад мамнун эканликларини изҳор этди.  

[gallery-16558]

– Чиройли, озода вагонлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради, – дейди Андижон вилояти “Нуроний” уюшмаси раҳбари Ўктамжон Охунов. – Бундан, қолаверса, поезднинг илк йўловчиси эканлигимиздан ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуси жўш урмоқда. Энг муҳими, ушбу темир йўл линияси, шубҳасиз, хонободликлар, қолаверса, ана шу йўналишдаги Жалақудуқ, Қўрғонтепа туманлари аҳолисининг узоғини яқин қилади, фуқароларимизга катта қулайлик яратади.  

Хонобод шаҳри  Қорадарёнинг ўнг соҳилида, вилоят шарқида, Андижон шаҳридан қарийб 70 километр узоқликда жойлашган. Шаҳарга 1972 йилда асос солинган бўлиб, айни пайтда 50 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, умумий ер майдони эса 23,4 километр квадратни ташкил этади. Хонобод ўзининг кўркам манзараси, табиатининг гўзаллиги, тоза ҳавоси билан юртдошларимизнинг, сайёҳларнинг диққатини ўзига жалб қила оладиган Ўзбекистонимизнинг энг обод ва гўзал ҳудудларидан биридир.  

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги йилларда Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят марказидан Хонобод шаҳрига йўловчи поезди ҳаракатининг йўлга қўйилганлиги аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, туризм ривожига ҳам хизмат қилади.  

Андижондан йўлга чиққан поезд икки соатдан ортиқроқ вақтдан кейин “Хонобод” темирйўл вокзалига етиб борди.  Йўловчилар карнай-сурнайлар билан тантанали равишда кутиб олинди. Поезднинг илк йўловчилари учун Хонобод шаҳрига бир соатлик экскурсия ташкил этилди.

Мазкур поезд ҳар куни  Андижон шаҳридан соат 10.30 да жўнайди ва соат 12. 43 да Хонободга етиб боради. Шу куни Хонободдан соат 14.15 да жўнаб, 16.30да Андижонга етиб келади.  

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари