Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АНДИЖОН: СИФАТЛИ ТАЪЛИМ САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ
15:09 / 2023-01-05

Андижон Ўзбекистоннинг илм-фан ривожланган йирик марказларидан бири. Бу ерда 10 та олий ўқув юрти, 763 та умумий ўрта таълим мактаби ва 68 та профессионал таълим масканлари фаолият юритмоқда. Хўш, 2023 йилда уларни қандай янгиликлар кутмоқда?

2023 йилда амалга ошириладиган ишлар: 

– Инвестиция дастури асосида вилоятдаги 24 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ушбу ишларга 130,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Натижада 9,1 минг нафар ўқувчининг таълим олиши учун шароит яратилади; 

– 4 та хусусий мактаб ташкил этилади; 

– 113 та мактаб замонавий компьютер техникалари билан таъминланади;

– Чет тилини билиш даражаси бўйича халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчилар сони 12 фоиздан 18 фоизга оширилади; 

– Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 27 фоиздан 35 фоизга оширилади; 

– Мактабларнинг 1-4 синф ўқувчилари бепул овқатланиши йўлга қўйилади; 

– Финляндия тажрибаси асосида янги таҳрирдаги дарсликлар синовдан ўтказилади; 

– Германия, Корея, Финляндия ва Япония давлатларидан 10 нафар хорижий мутахассис жалб қилинади. 

Барча эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади. Бунинг учун умумдавлат дастури қабул қилиниши кутилмоқда.

Аммо, Андижон вилоятида бу борада ўзига хос, Ўзбекистонда такрори йўқ, лекин албатта, оммалашиши шарт бўлган ташаббус бор. Вилоятда таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳоким академияси” онлайн платформаси ишга туширилган. Мазкур платформа орқали фойдаланувчилар онлайн бепул таълим олишлари, ўз билимларини синовдан ўтказишлари, етук профессор-ўқитувчиларга мурожаат қилишлари ва савол билан боғланишлари мумкин бўлади. “Ҳоким академияси” платформаси асосан 4 та йўналишда: 

– Олий таълим муассасаларига киришга интилаётган абитуриентлар;

– Президент мактабларига кириш учун тайёрланаётган ўқувчилар; 

– Хорижий тиллар бўйича халқаро сертификат олишга давогарлар; 

– Педагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари тингловчилари билимларини баҳолаб боришга мўлжалланган. 

Бугунги кунда “Ҳоким академияси” онлайн платформасининг 20 мингдан зиёд ўқувчи интерактив фаол тингловчилари бор. Профессионал таълим муассасалари ўқувчилари учун йирик саноат корхоналари ва иш берувчи ташкилотлар қошида айнан “Андижон тажрибаси” сифатида “Таълим ва меҳнат бир масканда” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Биз бу ҳақда алоҳида мақола берамиз. Ҳозирда айтиш мумкинки, вилоятдаги 249 та корхона, ташкилотда шу лойиҳа доирасида 14 минг 76 нафар ёшлар эрталабдан тўғри ишлаб чиқариш корхоналарига бормоқда. У ерда тайёрланган ўқув хоналарида назарий билим олиб, кейин амалиёт ва иш фаолияти билан шуғулланмоқда. Олий таълим муассасаларида ҳам ислоҳотлар жадал кетмоқда. 

– Олийгохларда 60 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан 443 нафари хорижий давлат фуқароларидир; 

– Ўқув машғулотларини олиб бориш учун хориждан 63 нафар профессор-ўқитувчилар жалб қилинган; 

– 2023 йилда 30 дан ортиқ янги таълим йўналишлари очиш ҳисобига ёшларни олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи 32 фоизга етказилади. 

Хабарингиз бор, янги йил арафасида Президентимиз бир гуруҳ ўқитувчилар билан учрашиб суҳбатлашди. Улар орасида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 47-ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Абдуқодир Шамсутдинов ҳам бор эди. – Мен шундай бахтли инсонманки, Президентимиз билан учрашиб суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим, – дейди Абдуқодир Шамсутдинов. – Энг муҳим ва оғриқли масалалардан бири 11 синф ўқувчиларининг олий ўқув юртларига кириши билан боғлиқ. Менимча олий ўқув юртига кириш имтиҳонидаги саволлар мактаб дастуридан келиб чиқиши керак. Шундай бўлганда битирувчи репетиторга бормайди. Мактаб дастурини ўзлаштирган ўқувчи бемалол олий ўқув юртига кира олади. Таълим соҳасидаги мавжуд муаммоларни инкор этмаган ҳолда айтиш мумкинки, 2023 йил сифатли таълим томон туб бурилиш рўй беради ва бунда Андижон тажрибасининг муносиб ўрни бўлади. 

Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов, Тасвирчи: Элёр Олимов

РS: Муҳаммаджон Обидов 2023 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг махсус мухбири сифатида иш бошлади. 

М.Обидов Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) журналистика факультетини тугаллаб, Ўзбекистон телевидениеси “Ўзбекистон овози”, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталарида ишлаган. 2005 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси. “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/VR6OwTtGebo" title="АНДИЖОН: СИФАТЛИ ТАЪЛИМ САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>