Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анъанавий суҳбатларнинг хатмонаси бўлиб ўтади
11:10 / 2022-10-25

Бугунги кунда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ домла имом-хатиблик қилаётган масжид ҳақиқатда маърифат масканига айланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда очилган масжид, номига яраша фаолият юритмоқда. Ислом оламининг забардаст олимлари ташрифи ҳамда юртимизнинг пешқадам уламолари билан ўтказилган ва давом этаётган илм мажлисларидан масжид ҳам, диндошларимиз қалби ҳам нурга тўлмоқда.  

Ўтган йили буюк аждодимиз Имом Термизий ҳазратларининг «Шамоили Муҳаммадия» асари масжид имом ноиби, Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид томонидан шарҳланган бўлса, ҳозирда яна бир буюк асар – Имом Нававийнинг «Арбаъин» асари ҳар жума куни шарҳ қилиняпти.  

Ушбу Рабиъул аввал ойи ҳам чин маънода сийратни ўрганиш ва ўргатиш ойи бўлмоқда.  Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари бошчилигида ташкил этилган сийрат суҳбатларида юртимиз уламолари томонидан Расули акрам алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари, рисолатлари, таърифлари борасида манфаатли маълумотлар бериляпти.  

Жумладан, шу кунгача Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий, Тошкент Ислом институти катта устози Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов, Учтепа туманидаги «Бурҳониддин Марғиноний» жоме масжиди имом-хатиби, юртимизнинг ардоқли уламоларидан бири Абдулҳамид домла Турсунов, «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом-хатиби Яҳё домла Абдураҳмонов, Тошкент Ислом институти катта устози Абдул Азим Зиёуддин, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Раҳматуллоҳ, «Дорул омон» жоме масжиди имом-хатиби Абдулҳамид Жуман домлалар «Сийратда инсониятга муҳаббат», «Пайғамбар алайҳиссаломнинг болаларга муносабатлари», «Сийратни ўрганишнинг аҳамияти», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятлар тафсири», «Сийратда ухувват», «Сийратда кечиримлилик хулқи», «Расулуллоҳ хонадонларида» мавзуларида суҳбат қилиб бердилар.  

Ушбу суҳбатлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган islom.uz портали ва ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларда жонли тақдим қилинмоқда.  

Лекин ҳикматларда «Вақт – қилич кабидир, сен уни кесмасанг, у сени кесади», дейилганидек, ушбу суҳбатлар ҳам ниҳоясига етиб бормоқда.  

 Икки олам сарвари, башарият афзали, Аллоҳ таоло зикрини баланд, қадрини олий қилган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муносабати билан жанобимиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш, халқимизга маърифат нурларини сочиш учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошлаб берган анъанани давом эттирган ҳолда у кишининг номлари берилган масжидда ўн иккинчи маротаба мавлуд тадбири, сийрат суҳбатлари хатмонаси ташкил этилмоқда.  

26 октябрь куни мазкур анъанавий суҳбатларнинг хатмонаси сифатида катта тадбир бўлиб ўтади. Унга юртимиздаги мўътабар уламолар, аҳли илмлар, имом‑хатиблар таклиф қилинган.  

 

Қамариддин Бекмуҳаммад