Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анъанавий санъат йўналишида янги истеъдод
14:18 / 2026-02-25

Зулфияхоним издошлари

Маржона Тошева машҳур санъаткор ва педагог. 2024 йил 4 март куни санъатнинг анъанавий ижрочилик йўналишида “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Маржонанинг ижоди ва педагогик фаолияти мамлакатимизда санъатнинг ривожланишига муҳим ҳисса қўшиб, уни халқаро миқёсда танитишда катта роль ўйнамоқда.

Маржона Тошева 1997 йил 20 декабрда Самарқанд вилоятида туғилган. У санъатнинг анъанавий чолғу ижрочилиги йўналишида ижод қилади. Маржона “Шашмақом”, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, Хоразм мақомлари, шунингдек, халқ ва бастакор асарларини дуторда ижро этади. Унинг ижросидаги асарлар халқаро кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори баҳоланган.

Маржона 2016 йилда Тошкент Маданият коллежини, 2020 йилда эса Ўзбекистон давлат консерваторияси “Анъанавий ижрочилик” таълим йўналишини тамомлаган. 2022 йилда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг магистратура босқичини тамомлаган.

Педагогик фаолиятини 2023 йилда “Вокал ва чолғу ижрочилиги педагоглари тайёрлаш” кафедрасида бошлаган Маржона, ўзининг интилувчанлиги, меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги билан институтда эътибор қозонган. У ўз таълим йўналишида талабаларга билим беришга катта ҳисса қўшмоқда.

Маржона кўплаб халқаро ва республика кўрик-танловларида иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллаган. Жумладан, 2023 йилда Сурабаяда бўлиб ўтган халқаро фестиваль ва Хитойдаги YUNESCO фестивалида муваффақиятли иштирок этди. Шунингдек, 2023 йил “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ҳамда Халқаро “Созлар навоси” танловида юқори натижаларга эришган.

Унинг илмий ва ижодий фаолияти ҳам фаол равишда эътироф этилган. Маржона ўз илмий мақолаларини республика ва халқаро илмий журналларда чоп эттирган ва бир қатор илмий конференцияларда иштирок этган.

У ўзининг санъат соҳасидаги фаолияти ва педагогик ишлари орқали санъатни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА