English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Анадолу” фотомухбирлари олган суратлар Гаага судига далил сифатида тақдим этилмоқда
22:20 / 2024-01-12

Кеча Халқаро суд Жанубий Африка Республикасининг Ғазо секторидаги эҳтимолий геноцид бўйича Исроилга қарши даъвосини кўриб чиқишни бошлади.

Суд мажлисида “Анадолу” ахборот агентлиги фотосуратлари бу даъвога далил сифатида тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Анадолу” ахборот агентлиги.

Ушбу фотосуратлар Жанубий Африка Республикаси адвокатларидан бири Адил Хассимнинг нутқи вақтида намойиш этилган. “Анадолу” фотомухбири Фади Альвиди томонидан олинган кадрларда 23 декабрь куни Фаластин фуқаролик мудофаа кучлари томонидан вайроналар остидан топилган жасадлар Ғазо секторидаги оммавий қабрга дафн этилаётгани акс этган.

“Анадолу” фотомухбири Муҳаммад Файк томонидан олинган суратда эса Фатаер оиласининг жасадлари қабристонларда жой етишмагани учун Ғазодаги оммавий қабристонга дафн этилгани тасвирланган. Суд мажлисида Жанубий Африка Республикаси даъвосини ҳимоя қилган адвокатлар Исроилни Ғазо халқига қарши қасддан ўзининг геноцид ниятини  кўрсатувчи ҳаракатлар содир этганликда айбламоқда. 

Маълумки, 2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилган эди. Даъвога кўра, Халқаро суд Исроилга Ғазо секторига ҳужумларни вақтинчалик тўхтатиш учун буйруқ бериши мумкин, дейилмоқда.

Жанубий Африкадан келган адвокатлар 11 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ўз даъволарини судьялар олдида исботлашга ҳаракат қилди. Бугун эса исроиллик ҳуқуқбонлар Тель-Авивга қарши бундай чоралар кўрилмаслиги учун ишончли далилларни тақдим этишлари керак бўлади. 

Нима деб ўйлайсиз, улар бундай далилларни келтира олишадими? Суд жараёнларини кузатишда давом этамиз. Бу орада БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик ҳам журналистлар билан учрашувида Бош котиб Антониу Гутерриш бу ишнинг боришини диққат билан кузатаётганини билдириб, “Бош котиб судларнинг мустақиллигини, уларнинг ишлари ва қарорларини тўлиқ ҳурмат қилади”, - деган.

Хуллас, Жанубий Африка вазиятнинг долзарблиги сабабли Халқаро судга мурожаат қилди, тингловлар якунлангач, суд қарорни муҳокама қилиши, томонларнинг баёнотлари ва далилларини ўрганишни бошлайди.

К.Бекжонов, ЎзА