English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амударёдан Колхидагача: Асрлар оша туташган тақдирлар
08:42 / 2026-01-31

Тарих саҳифаларини варақлаганда, баъзан кутилмаган ва ҳайратланарли манзараларга дуч келамиз. Қадимги дунё харитасига назар ташланса, бугунги Ўзбекистон ва Грузия орасидаги масофа узоқдек.

Аммо мозийнинг карвон йўллари ва дарё ўзанлари бу икки ўлкани биз ўйлагандан кўра мустаҳкамроқ боғлаб турган. Антик давр муаллифлари қолдирган битикларда Хоразм аҳолисининг Колхида халқлари билан қизғин алоқалари ҳақида қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Ўша даврларда Амударё ва Каспий денгизи орқали ўтган сув йўллари савдо ҳамда маданият кўприги вазифасини ўтаган. Ўрта Осиё ва Ҳиндистон моллари айнан шу йўлак орқали Эвксин Понти, яъни Қора денгиз соҳилларидаги Кавказ мулкларига етиб борган.

Археологик қазишмалар чоғида топилган ашёвий далиллар ушбу тарихий ҳақиқатни янада мустаҳкамлайди. Ўрта Осиёнинг икки дарё оралиғидаги қадимий ёдгорликларидан топилган буюмлар Кавказ ҳудудидаги топилмалар билан ҳайратланарли даражада ўхшашликка эга. Буюк ипак йўлининг фаоллашуви эса бу алоқаларни янги босқичга олиб чиққан эди. VI асрнинг иккинчи ярмида Самарқанддан бошланиб, Бухоро ва Хоразм орқали Каспийнинг шимолий соҳилларига, ундан Кавказ ва Византияга қадар чўзилган махсус савдо йўли мавжуд бўлган. Ушбу йўл нафақат савдогарлар, балки элчилар ва сайёҳлар учун ҳам асосий ҳаракат йўналиши ҳисобланган.

Шарқ уйғониш даврининг ёрқин намунаси бўлган адабий манбаларда ҳам бу алоқаларнинг изларини кўриш мумкин. Грузин халқининг буюк шоири Шота Руставелининг XII асрга оид “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонида Хоразм ўлкаси алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. Асарда Хоразм билан ўрнатилган савдо муносабатлари, дипломатик алоқалар ва ҳатто сулолавий яқинликлар ҳақида сўз юритилади. Бундай тарихий ишоралар шунчаки бадиий тўқима эмас, балки ўша даврдаги геосиёсий вазиятнинг ҳаққоний ифодасидир. Икки халқ ўртасидаги борди-келди кейинги асрларда ҳам узлуксиз давом этган ва янги мазмун билан бойиган.

XVIII аср охирларида Бухорога ташриф буюрган тоғ муҳандиси Г.С.Бурнашев ўз ҳисоботларида шаҳарнинг кўп миллатли аҳолиси орасида грузинлар ҳам борлигини қайд этган. Бу маълумот савдо ва ҳунармандчилик алоқаларининг барқарорлигидан далолат беради. Маданий ҳаётдаги яқинлик эса XIX аср охирида янада яққол намоён бўлди. Хусусан, 1894 ва 1898 йилларда Тифлис опера театрининг Бухорода гастроль сафарлари уюштириши маҳаллий зиёлилар ҳаётида катта воқеага айланган эди. Санъат чегара билмаслигининг яна бир исботи сифатида машҳур рассом Гиго Габашвилининг Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатини келтириш мумкин. Унинг Самарқанд таассуротлари асосида яратган жанрли асарлари бугунги кунда ҳам тарихий қийматга эга.

“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, Туркистон ўлкасининг иқтисодий ҳаётида грузин тадбиркорларининг ўрни сезиларли бўлган. Қўқон шаҳрида фаолият юритган Гоглидзе меҳмонхонаси ўз даврининг машҳур гўшаларидан саналган. Тошкент шаҳрида эса бой тадбиркор Г.М.Цинцадзе 1911 йилда ўз маблағи ҳисобидан “Колизей” биносини қурдирган. Ушбу муҳим меъморий иншоот узоқ йиллар давомида шаҳарнинг маданий марказларидан бири бўлиб хизмат қилди. Ўша даврда Туркистон ўлкасида мингга яқин грузин миллати вакиллари истиқомат қилган бўлиб, улар орасида шифокорлар, ўқитувчилар ва давлат хизматчилари кўпчиликни ташкил этган. 1917 йилда ташкил этилган “Грузинлар иттифоқи” жамияти миллий ўзликни сақлаш ва маданиятни ривожлантириш йўлида муҳим ишларни амалга оширган.

XX асрнинг бошларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам грузин мутахассисларининг ҳиссаси катта бўлган. 1922 йил декабрь ойида Кавказорти Федерациясининг Туркистондаги ваколатхонаси Мирзачўл уездида аграр корхона ташкил этиш бўйича шартнома имзолаган. Мирзачўлни ўзлаштиришдек мураккаб вазифада техник ёрдам кўрсатилган ва каналлар қурилишида малакали муҳандислар иштирок этган. Ўша давр учун илғор ҳисобланган техникалар Грузиядан олиб келинган ва янги ўзлаштирилган ерларга сара пахта навлари экилган. Гарчи кейинчалик айрим сиёсий сабаблар туфайли бу ишлар тўхтатиб қўйилган бўлса-да, ирригация ва мелиорация соҳасидаги ҳамкорлик анъаналари давом этган.

Ўзбекистон замини кўплаб грузин зиёлилари ва олимлари учун иккинчи Ватанга айланган. Улар республикамиз илм-фани ривожига ҳисса қўшганлар. Астрофизика, сейсмология, археология ва архитектура соҳаларида фаолият юритган олимларнинг номлари тарих зарварақларига муҳрланган. Меъморлар К.А.Никурадзе ва Ш.Ратия шаҳарсозлик соҳасида, академик Э.В.Ртвеладзе эса Ўзбекистон тарихи ва археологиясини ўрганишда улкан мактаб яратган. Бу тарихий далиллар халқларимиз ўртасидаги дўстлик илдизлари нақадар чуқур ва мустаҳкам эканини яққол кўрсатиб турибди.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА