Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амударёда байрам тантаналари
12:14 / 2022-08-31

Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами арафасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган шиор остида юртимизнинг ҳар бир гўшасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам томошасига туман раҳбарлари, тадбиркорлар, миришкор бобо-деҳқонлар, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар, меҳмонлар ташриф буюрди.

Тадбирда Ўзбекистонда мустақилликка эришилган дастлабки йиллардаги оғир ва синовли даврлар, мамлакатимиздаги сўнгги 6 йил давомидаги ўзгариш ва бунёдкорликлар хусусида сўз борди. Туман миқёсидаги ислоҳотлар, ривожланишлар, ютуқлар тилга олинди. Президентимизнинг яқинда Қорақалпоғистонга қилган ташрифи давомида аҳоли ва тадбиркорлар учун кўплаб имтиёзлар жорий қилингани, фақат Қорақалпоғистон учун фойда солиғи, айланма солиқ, мол-мулк ва ер солиғи ставкалари 2 баробар камайтирилиб, пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш эвазига ҳар бир оилага 2 гектардан ер ажратиш, йўлларни таъмирлаш, электр, газ ва сув таъминотини яхшилаш бўйича топшириқлар берилгани алоҳида таъкидланди.

Амударё туманида барча соҳаларда улкан натижаларга эришилмоқда. Биргина жорий йил ўтган 6 ойи давомида салкам 300 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти, 86 миллиард сўмлик халқ истеъмол товарлари, 620 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, инвестициялар ҳажми салкам 250 миллиард сўмга етди. Ҳудудда юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорликлар амударёликларни янада юксак марралар сари ундамоқда. Бу натижаларда, қўлга киритилаётган улкан ютуқларда ўз аксини топмоқда.

[gallery-8595]

Ўтган йиллар мобайнида туман ҳудудидаги чекка овул ва маҳаллаларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Мазкур йилда ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида Аёқчи маҳалласи ва Тўлқин овулида 27,3 миллиард сўмлик маблағ эвазига йирик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий, хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари қурилди. Шу қатори туманда қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби соҳаларда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилиб, бу борадаги эзгу ишлар давом эттирилмоқда.

Табрикдан сўнг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янграб, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” номли сценарий асосида тайёрланган байрам томошаси бошланди.

Тадбирда “Шижоатли ёшлар – юрт қалқонлари” деб номланган туман ёшлари ижросидаги саҳна кўринишлари ҳам намойиш этилди.

Томоша давомида тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари ижросидаги қувноқ куй-қўшиқлар, жамоавий рақслар томошабинларга байрамона кайфият улашди. Турли миллат вакиллари томонидан “Ўзбекистон – умумий уйимиз” туркумидаги куй-қўшиқлар ижро этилди.

Байрам томошасида тумандаги эстрада хонандалари Ватан, тинчлик, фаровонлик, меҳр-муҳаббат ҳақидаги қўшиқлари билан иштирок этиб, ҳаммага завқ улашди.

Байрам тантаналари Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА