Амударёдаги уммондан қолган «эсдалик»лар сайёҳларни бефарқ қолдирмайди
Ушбу тошлар Тетис уммонидан қолган "эсдалик". Миллион-миллион йиллар аввал тошларнинг диаметри 2-2,5 метр катталикда бўлган.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидан ўтган Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автомагистраль йўли бўйидаги тепаликда юзлаб шарсимон тошларни учратиш мумкин. Дунёнинг баъзи давлатларида шу каби тошларни «динозавр тухумлари» дейишади.
Маълумотларга кўра, фанда «Моераки тошлари» деб ном берилган шарсимон тошлар геологик нуқтаи назардан олиб қараганда, океаннинг кальций минерал тузлари ҳамда тупроқ бирикмасидан ҳосил бўлган.
Ушбу тошлар Тетис уммонидан қолган "эсдалик". Миллион-миллион йиллар аввал тошларнинг диаметри 2-2,5 метр катталикда бўлган. Вақт ўтиши билан емирилиб, қобиқларидан ажралган. Ҳозирда тошларнинг диаметри ўртача 0,3-0,5 метр атрофида. Бу каби шарсимон тошлар Янги Зеландия оролларида, Австралия ва Қозоғистон Республикаси ҳудудида учрайди ҳамда уларни кўриш учун ҳар йили юзлаб сайёҳлар ташриф буюради.