2022 йилда ҳисобга олинган ўлим жазосига ҳукм қилиш ҳолатлари сони сўнгги беш йилда энг юқори кўрсаткичга чиқди, деб ёзмоқда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи "Amnesty International" ташкилоти.
Ҳисоботда келтирилишича, қатл этиш сонининг кўпайишига асосий сабаб Яқин Шарқнинг кўпгина мамлакатларида тез-тез олий жазо қўлланаётгани бўлмоқда.
Йиллик ҳисоботда айтилишича, 2022 йилда 20 мамлакатда жами 883 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Бу аввалги йилга қараганда 53 фоизга кўп.
Дунё бўйича қўлланилган барча ўлим жазосининг 90 фоизи Эрон, Саудия Арабистони ва Мисрга тўғри келмоқда.
Статистикага Хитой киритилмаган. Одатда Чин мамлакатида ҳар йили минглаб одамлар қатл этилади. Бироқ Хитойда ўлим жазоси ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмайди, шу боис ҳуқуқшунослар мазкур мамлакатда қўлланилаётган ўлим жазоси сони ҳақида аниқ айтолмаган.
"Amnesty International" шунингдек, ўлим жазоси Шимолий Корея, Вьетнам, Сурия ва Афғонистонда ҳам қўлланилганини айтади, бироқ тўпланган маълумотлар ушбу мамлакатларда ўлим жазоси сони қанча эканига ойдинлик кирита олмайди.
Ташкилотнинг ҳисоблашича, ўлим жазоси сони асосан Эрон ва Саудия Арабистони ҳисобига ошган.
Ҳисоботда келтирилишича, қатл этиш ҳолатлари Ироқ (11), Қувайт (7), Фаластин ҳудуди (5), Яман (4) ва Сурияда (сони номаълум) ҳам қайд этилган.
Дунёнинг бошқа минтақалари бўйича келтирилган статистикада АҚШ ҳам киритилган. Бу мамлакатда 2022 йилда 18 кишига олий жазо қўлланилган (2021 йилда 11 та эди). Ўтган йили Сингапурда ҳам 11 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Улар наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун ушбу мудҳиш жазога лойиқ деб топилган.