Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мамлакатимизда деярли барча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда
17:50 / 2016-08-10

...1989 йилнинг баҳори. Отам бобомдан қолган чолдевор уйларнинг бир қисмини бузиб, янги иморат қуришни бошлади. Цемент, қум, ғишт каби қурилиш материалларини керакли миқдорда ҳовлига келтиргунча ёз ўтиб, куз келди. Пойдевор битиб, пишиқ ғиштни тера оладиган устани топгунича қиш кирди.

...1989 йилнинг баҳори. Отам бобомдан қолган чолдевор уйларнинг бир қисмини бузиб, янги иморат қуришни бошлади. Цемент, қум, ғишт каби қурилиш материалларини керакли миқдорда ҳовлига келтиргунча ёз ўтиб, куз келди. Пойдевор битиб, пишиқ ғиштни тера оладиган устани топгунича қиш кирди.

– Илгари иморат солиш учун ер участкаси олиш, қурувчи уста ва қурилиш материаллари топиш унча-мунча одамнинг тинкасини қуритарди. Ҳашар қилиб қурилган уйларнинг ками битмай, инсоннинг умри ўтарди, – дейди Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Истиқбол маҳалласида яшовчи онахон Саломат Ҳакимова. – Энди-чи? Намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар узоғи билан 7-8 ойда қуриб битказилмоқда. Қурилиш материалларининг ҳам тури жуда кўп. Истаган нархда ҳоҳлаган маҳсулотингизни харид қилиб, кўркам уй-жой қуришингиз мумкин. Бунинг учун навбатда туриш ёки кимгадир илтимос қилишнинг ҳожати йўқ.

Мамлакатимизда қишлоқларни комплекс ривожлантириш, намунавий лойиҳадаги замонавий уй-жойлар бунёд этишнинг яхлит тизими шаклланди. Замонавий турар жойларни қуриш учун керакли қурилиш материаллари – цемент, томёпқич, ғишт, иситиш жиҳозлари кабиларни ишлаб чиқариш кўлами кенгайди.

...Равон йўллар, маҳобатли кўприклар, замонавий инфратузилма иншоотлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт масканлари, кўркам турар жой бинолари... Бу қишлоқларимизнинг бугунги манзараси.

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йилларидан ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Илғор архитектура ечимларидан фойдаланган ҳолда мавжуд объектлар реконструкция қилинаётир ва бунинг самарасида юқори технологияли қурилиш материалларига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 24 мартдаги “Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ушбу вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясидан олинган маълумотга кўра, юртимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи олти мингдан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Йилига 10 миллион квадрат метр ойна тайёрловчи “Кварц”, 60 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарувчи “Бухорогипс”, 20 миллион квадрат метр гипсокартон тайёрлаш қувватига эга “Кнауф Гипс Бухоро”, 3,5 миллион квадрат метр сопол плиткалари ишлаб чиқарувчи “Moderna Ceramic Industries Fergana” каби корхоналар шулар жумласидандир.

Тизимдаги 900 дан ортиқ корхонада йилига 3,6 миллиард дона деворбоп материаллар тайёрлаш йўлга қўйилган. Сопол плиткалар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 6 миллион донадан 11 миллион донага кўпаймоқда. Мамлакатимизда деярли барча турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётир. Бунда тармоқ корхоналарида тайёрланаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида халқаро талабларга жавоб берувчи сифат бошқаруви тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Компаниянинг 30 корхонасида ISO 9001:2008 халқаро сифат менежменти тизими йўлга қўйилган бўлиб, 2016 – 2017 йилларда “Ўзстандарт” агентлиги билан яна еттита корхонада ISO 9001 сифат менежменти, иккита корхонада эса ISO 50001 энергия менежменти тизимларини қўллаш мўлжалланмоқда.

– Бошқа қурилиш материаллари қаторида цемент ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортмоқда, – дейди «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси раиси ўринбосари Абдураҳмон Маҳамадиев. – Кейинги 10 йилда Ўзбекистонда цемент тайёрлаш ҳажми 3,2 миллион тоннадан 8,25 миллион тоннага кўпайди. “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти юртимизда цемент ишлаб чиқарадиган етакчи корхоналардан биридир. Мамлакатимизда тайёрланаётган цементнинг деярли ярми ушбу корхона ҳиссасига тўғри келмоқда ва бу йилига қарийб 3,5 миллион тоннани ташкил этмоқда.

«Бекободцемент»да қуруқ усулда йилига 850 минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган янги линия ишга туширилгани, Жиззах вилоятида ҳар йили 350 минг тонна оқ цемент ёки 760 минг тонна портландцемент ишлаб чиқарувчи корхона қуриб битказилгани, Андижон вилоятидаги «Sing Lida» қўшма корхонаси ва Фарғона вилоятидаги «Фарғона цемент» жамиятида цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2009 йилдан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурила бошлангач, қурилиш материалларига бўлган талаб янада ортди. Ҳозирги кунда бино ҳамда иншоотларни бунёд этиш учун 62 турдаги маҳаллий қурилиш буюмлари ишлатилаётгани, бу жами материалларнинг 89,8 фоизини ташкил қилаётгани бунга мисол бўла олади.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси кейинги йилларда ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш, импорт ва экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2012 – 2015 йилларда юртимизга импорт қилинадиган қурилиш материаллари таҳлил этилганда, 150 миллион долларлик ўн беш турдан зиёд ана шундай материаллар зарурлиги, уларни мамлакатимизда тайёрлашни йўлга қўйиш шартлиги аён бўлди. Шунга кўра, элликдан зиёд корхонада қуруқ қурилиш қоришмалари, “ТошҚМК” акциядорлик жамияти, “Moderna Ceramic Industries Fergana” қўшма корхонасида сопол плиткалари ҳажмини ошириш, “Azia Mosais”, “Bill Tosh”, “Fiammata” каби масъулияти чекланган жамиятларида безакловчи материаллар, “Grand Art Ceramics” қўшма корхонасида санитар-техника буюмлари тайёрлашга киришилди. Бу сўнгги уч йилда қурилиш материалларини импорт қилиш ҳажмини 3,5 баробар камайтириш имконини берди.

Ўтган 25 йил мобайнида мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати замонавий, модернизациялаштирилган, техник ва технологик жиҳатдан жиҳозланган, энергия тежовчи, иқтисодий барқарор, рақобатдош тармоққа айланди. Компанияда қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар бугун кўплаб хорижий мутахассислару экспертлар томонидан ўз эътирофини топмоқда.

– Биз учун Ўзбекистон бозори истиқболлидир, бу ерда инвестиция киритиш учун қулай шароит яратилган, цемент саноати изчил ривожланмоқда, янги заводлар бунёд этилмоқда, – дейди Хитой қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва халқаро инжиниринг бўйича миллий корпорациясининг МДҲ мамлакатларидаги савдо бўйича директори Гэнь Нан. – Бу ўзаро ҳамкорлигимиз самарали бўлаётганидан далолатдир.

– Ўзбекистонда энг нозик турдаги маҳсулотдан тортиб мураккаб технологик жараённи талаб этувчи барча турдаги товарларни ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган, – дейди Жанубий Кореядаги “DY Panel” компанияси менежери Жеонг Мин Сон. – Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароит яратилгани, соҳага тўлиқ эркинлик беришга катта эътибор қаратилаётгани бозор иқтисодиётига асосланган ривожланган демократик давлат қуриш йўлидаги изчил ислоҳотларга ёрқин мисол бўла олади.

Бугунги кунда юртимизда ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талабини қондириш баробарида унинг катта қисми экспортга йўналтирилмоқда. Экспорт ҳажмини янада юксалтириш мақсадида Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Озарбайжон каби мамлакатларда дилерлик тармоқлари ва ваколатхоналарини очиш чоралари кўрилмоқда. Бу юртимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида бўлгани каби қурилиш соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришилаётгани, натижада халқимизнинг даромади кўпайиб, фаровонлиги ошаётганидан далолат беради.